Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими устидан жиноят иши очилган. Суд уни қамоқда сақлашга рози бўлмади
Жамшид Фозилов жиноий шериклари билан 54 та ҳолатда ноқонуний ер ажратиб, 60,5 млрд сўмни талон-торож қилганликда гумонланяпти. Қарши шаҳар суди собиқ ҳокимга қамоқ эҳтиёт чораси қўллашни рад этиб, уни уй қамоғига юборди. Прокурор вилоят судига протест киритди.
Жамшид Фозилов / Фото: Kun.uz
Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов коррупцион жиноятда гумонланмоқда. Маълум бўлишича, у аввалига қамоққа олинган, лекин суд уни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб туриш бўйича прокуратуранинг илтимосномасини рад этган ва гумонланувчини уй қамоғига юборган.
Қашқадарё вилояти прокуратураси ахборотига кўра, Жамшид Фозилов 2016 йил 9 июлдан 2019 йил 26 октябргача Қарши шаҳар ҳокими лавозимида бўлган. Бу вақт мобайнида у мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ерларни ноқонуний бериб юборишда гумонланяпти.
Маълум қилинишича, собиқ амалдор Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий комиссияси аъзолари – шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган бўлиши мумкин.
Натижада 2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд 512 млн бўлган жами 463.212,13 м2 ер участкалари жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган қарорларига ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ер ажратиш тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилингани айтилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2022 йил 20 октябрдаги ажримига кўра, вилоят прокуратураси томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаган.
“Суднинг мазкур ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг якуний тўхтамидан кейин жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади”, – дейилади Қашқадарё вилояти прокуратураси расмий ахборотида.
Жамшид Фозилов қамоққа олингани ҳақида 2022 йил апрел ойида ҳам хабарлар тарқалган, лекин ўшанда Қашқадарё вилояти прокуратураси буни рад этган эди. Ўшанда ер сотиш жиноятлари бўйича Қарши шаҳар кадастр ва қурилиш бўлимлари ҳамда шаҳар ҳокимлигининг собиқ юристлари – жами 7 нафар шахс Жиноят кодексининг 205, 206, 209, 229-4-моддалари билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган, айбланувчилар орасида шаҳарнинг собиқ ва амалдаги ҳокимлари йўқлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Термиз шаҳри собиқ ҳокими қамоқда экани маълум бўлди. Бош прокуратура қўзғатган бу жиноят ишида қамоққа олинганлар сони жами 11 нафар. Улар талон-торож, ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланяпти. Зарар миқдори – 35,6 млрд сўм.
Мавзуга оид
19:21 / 01.01.2026
Туман ҳокимлари кенгаш раиси лавозимидан кетди
21:33 / 22.12.2025
“Бизни тинч қўйишса, кўпроқ ҳосил оламиз” – Когонлик фермер ўзи ва ҳамкасблари қандай шароитда ишлаётгани ҳақида
17:37 / 04.12.2025
Сирдарёдаги 9 та туман-шаҳар ҳокимлари Хитойга йўл олади
10:20 / 13.11.2025