Ўзбекистон | 17:21 / 01.10.2021
40256
8 дақиқада ўқилади

Ерни хусусийлаштириш, ҳокимият вакилига қаршилик ва қарздорларга енгилликлар — Сенаторлар қайси қонунларни маъқуллади?

Олий Мажлис Сенатининг 30 сентябр кунги ялпи мажлисида 8та қонун маъқулланди. Kun.uz асосий янгиликларни санаб ўтади.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Ер участкалари хусусий мулкка айланади

Янги қонунлар сирасида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунни алоҳида қайд этиш лозим.

Қонуннинг якуний тўлиқ матни ҳозирча очиқ манбаларда йўқ. Сенат релизига кўра, ер участкаси хусусийлаштирилгани давлат ордери билан тасдиқланади. Ордер ер участкасининг қиймати тўлиқ тўлангач, бир иш куни ичида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Қонундан хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини тугатиш, олиб қўйилаётган хусусийлаштирилган ер участкасининг қийматини аниқлаш, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олиш, реквизиция қилиш ҳамда мусодара қилишга доир нормалар ўрин олган.

Шунингдек, хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмлари ҳам белгиланган.

Ҳужжат ер бозорини вужудга келтириши, кўчмас мулк бозорига ҳам сезиларли таъсир ўтказиши ва ер участкаларини бозор активига айлантириши таъкидланмоқда.

Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятнинг жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Янги санкциялар ҳозирча аниқ эмас. Жиноят кодексининг амалдаги таҳририга биноан, бу жиноят учун 50 БҲМгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаганлик, уларнинг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам кучайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қуйи палата депутати Қодир Жўраев бу қонуннинг айнан ҳозир қабул қилинишига қарши чиқиб, даставвал ички ишлар тизимини ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалаш кераклигини айтган эди.

Профилактика инспекторларига айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни судга бормасдан кўриб чиқиш ваколати берилмоқда

Тегишли норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилади. Расмийлар изоҳига кўра, бу янгилик фуқароларни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган органларга бориб вақт ва маблағ кетказишининг олдини олади, ортиқча қоғозбозликка чек қўяди.

Маъмурий иш томонлари ярашиб олса, жарима қўлланилмайди

МЖтКга ўзгартиш киритишга оид қонунга асосан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ярашув институти ҳам жорий этилмоқда.

Унга кўра, эндиликда маъмурий иш иштирокчилари ярашиб олган тақдирда, жавобгар томон маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Бола асраб олиш билан боғлиқ айрим чекловлар юмшатилмоқда

Фарзанд асраб олиш учун навбатда турганлар сони ва бу борадаги чекловлар сабаб ноқонуний йўллар билан бола асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда.

Оила кодекси ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, эндиликда ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганлар ҳам фарзандликка ва васийликка олиши мумкин.

Фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Қонун болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, хусусан уларнинг ноқонуний равишда фарзандликка берилиши ва сотиб юборилишининг олдини олишга қаратилган.

Қарздор фуқаролар ва банкрот тадбиркорларга айрим енгилликлар берилади

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқароларнинг тўловга қобилиятсизлиги билан боғлиқ ҳолатларни тартибга солади.

Қонун президент томонидан имзоланиб, кучга кирса, тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорларга нисбатан қуйидаги енгилликлар берилади:

  • тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблаш тўхтатиб турилади ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўланади;
  • Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўлов қилмасдан фойдаланиши мумкин бўлади;
  • қарздор жисмоний шахс бўлса, унга қарзни ойлик даромадларидан келиб чиқиб, график асосида бўлиб-бўлиб қайтариш имкони берилади;
  • қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида кредиторларнинг талаблари тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлади;

Маълумот учун, улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилган.

30 ёшдан ошганлар ҳам божхона органларининг ихтисослашган тузилмаларига ишга кириши мумкин бўлади

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунга киритилаётган янги нормага асосан, 30 ёшдан ошган фуқаролар божхона органларининг ихтисослаштирилган таркибий тузилмаларига хизматга қабул қилиниши мумкин бўлади. Бунда, ишга қабул қилиш учун Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи талаб этилади.

Шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашувчи органлар қаторига божхона ҳам органлари киритилди.

Солиқ ва божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади

Яна бир янги қонун асосида аввалроқ маълум бўлган қуйидаги янгиликлар кодекслар ва қонунларга киритилмоқда:

  • солиқ тўловчилар солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётгани боис, уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади;
  • товарларни импорт қилиш билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ТИФ иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Коррупцияга қарши айрим нормалар қонун даражасида мустаҳкамланмоқда

Сенатда маъқулланган қонунлардан яна бири – “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”.

Бу қонун асосида президент фармонларида белгиланган қатор нормалар 1 та кодекс ва 9 та қонунда акс этади.

Таъкидлаш керак, “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун ҳозирча қабул қилингани йўқ. Қонун лойиҳаси эълон қилинганига бир йил бўлди.

Маълумот учун, Сенатда маъқулланган қонунлар президент томонидан имзолангач, қонуннинг ўзида белгиланган муддатдан эътиборан кучга киради.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид