Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Тадбиркорлик бошлаш ниятидаги ёшларга кредит олишни тавсия қилмайман»
Тошкент шаҳар ҳокими тадбиркорлик бошламоқчи бўлган ёшларга ҳокимият 6 ойлик ижара пулини тўлаб беришини айтди.
31 март куни Тошкентда ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлик бошлаш ниятида ёрдам сўраган ёшларга тавсиялар ва ёрдам таклифларини берди.
Ҳоким ўз сўзида бизнесни энди бошлаётган ёшларга кредит олишни маслаҳат бермаслиги, дастлабки босқичда тадбиркорликни бино учун ер олиб қурилиш қилишдан эмас, балки ижара асосида иш бошлаш мақсадга мувофиқлиги, бунинг учун маълум муддат ижара суммасини ҳокимият тўлаб беришини айтиб ўтди.
«Дунёда ҳамма тадбиркорларнинг ҳам ўз жойи йўқ. Ҳатто кўпчилигининг уйи ҳам йўқ ва ижарада туришади. Тадбиркорлик кредит олиш, аукциондан бир сотихи 70 млн сўм бўлган ер олиб, яна фалон сўмга қурилиш қилишдан бошланмайди. Ҳозир мавжуд уч-тўрт сўм сармояни ер-жой олишга сарфламай, ижарага жой олиб, ишни бошлаб кўриш керак.
Ижарага жой сўранг, биз топиб беришга ҳаракат қиламиз. Жой қуриш, кредитнинг устига яна кредит олиш... Кредит, очиқчасига айтаман, яхши нарса эмас. Мен тавсия қилмайман кредитни, у унча-мунча одамни тўкиб қўяди.
Ёшларга имтиёзли кредитлар беришяпти, лекин барибир эҳтиёт бўлинглар. Ёшликда одам синса, кейин ўнгланиш қийин бўлади. Шунинг учун бизнес бошлашда энг яхши вариант – жойни ижарага олиш», – таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Пойтахт раҳбари тадбиркорлик бошлаётган ёшларнинг 6 ойлик ижара пулини ҳокимият тўлаб беришини маълум қилди.
«Ўзимиз кўзимиз билан ҳам кўрдик, ёшлар кредит олиб тўлай олмай, оғир аҳволга тушиб қолганлари бор. Мен бирорта ёш тадбиркор иш бошлаётганда оғир ҳолатга тушиб қолишини хоҳламайман», – деди у.
Мавзуга оид
14:57 / 26.12.2025
Кредит олишга тақиқни қандай расмийлаштириш мумкин?
19:33 / 22.11.2025
S&P Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини яхшилади. Асосий омиллардан бири – олтин
16:31 / 19.11.2025
Президент йиғилишида икки туман ҳокими ишдан олинди
16:40 / 12.11.2025