Жамият | 15:50 / 04.05.2016
33551
4 дақиқада ўқилади

3 май куни «Грин кард» лотереяси натижалари эълон қилинди

АҚШ ҳукуматининг «Грин кард» ёки «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» лотереяси натижалари билан 3 май куни Тошкент вақти билан 21:00 дан эътиборан онлайн тартибда танишиш мумкин бўлди.

Green Card ўзи нима? Бу – Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Уни қўлга киритишнинг турли йўллари мавжуд, жумладан, лотореяда ғолиб бўлиш. Ушбу лоторея АҚШ Давлат Департаменти томонидан йилда бир марта расман ўтказилади.

Америка ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» дастури орқали 50 минг нафар доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади.

Green Card лотореяси жавоблари баҳорда, тўғрироғи май ойининг бошида маълум бўлади. Унда иштирок этиш учун аввалги қабул қилиш даврида (муддати, одатда, октябрь охири ёки ноябрь бошида тугайди) ариза топшириш керак. 

Лоторея ўйинини АҚШ Давлат Департаменти бўлимларидан бири бўлмиш Kentucky Consular Center (KCC) ўтказади. Айнан KCC лолтореяни ташкиллаштиради ва ғолиблар билан ишлайди.  

Ўтган галги Green Card лотореясида 5091 нафар ўзбекистонлик ғолиб бўлган. Шу пайтгача эса 28245 нафар одам лотореяда ютиб чиққан. 
Хўш, ўйинда иштирок этганлар жавобларни қандай билишлари мумкин? 

Ариза топширилган пайтда тақдим этилган ариза рақами (Confirmation Number) орқали расмий https://www.dvlottery.state.gov/ сайтида аниқлаш мумкин. 
https://www.youtube.com/watch?v=sZSjGXOusVY манзилида эса видео кўринишида кўрсатма берилган. 

Ариза рақами 16 белгидан иборат бўлади. Агар сиз ариза рақамингизни билмасангиз, уни текшириш мумкин эмас. Ариза рақами ҳар бир иштирокчида бўлади, агар уни йўқотиб қўйган бўлсангиз, https://www.dvlottery.state.gov/ сайтида қайта тиклаш мумкин. 

Ариза рақамини (Confirmation Number) ғолиблик рақами (Case Number) билан адаштирмаслик лозим. 

Ғолиблик рақами 14 белгидан иборат, биринчи 4 сон – бу лоторея рақами, кейин минтақани англатувчи 2 та ҳарф (масалан, UZ), кейин бир нечта ноль ва охирида ғолибнинг тартиб рақами. 

Мисол учун, ариза рақами ушбу кўринишда: 20111O0DZWY3DOV9, ғолиб рақами эса бундай: 2011EU00009999 бўлиши мумкин. 

Ариза рақамида ўхшаш белгилар – 0 (сон) ва О (ҳарф) учраши мумкин. Уларни адаштирмаслик учун 0 сони лоторея рақамида (ариза рақамидаги биринчи тўртта сон) қандай ёзилгани билан солиштириб олиш керак бўлади. Шунингдек, бошқа ўхшаш белгилар ҳам учрайди: 1 (сон), l (лотинча кичкина “L”) ва I (лотинча катта “i”). Агар ишончингиз комил бўлмаса, уларни қайта текширишдан эринманг. 

“Фамилия” қаторида фақатгина фамилияни кўрсатиш лозим (исм, отасининг исми керак эмас!). 

Агар киритилган маълумот нотўғри (The information entered is not valid) деган жавоб келса, барча киритилган маълумотларни қайта текшириб чиқиш ва тўғирлаш керак.

Мавзуга оид