13:34 / 19.02.2017
26815

Аму-Бухоро машина канали бошқармасидаги жиноятчилар фош этилди

Омонжон Атоқов Олот туман Аму-Бухоро машина канали бошқармасининг раҳбари лавозимида 2014 йил январь ойидан бошлаб фаолият кўрсатиб келган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Раҳбарининг биргина ишорасини ҳам қатъий топшириқ сифатида бажарадиган бош энергетик Сардор Ҳамроев ва бош ҳисобчи Эламон Эрназаровлар жиноий тил бириктиришда ҳамжиҳат бўлишгани боис, охир-оқибат суднинг қора курсисигача етиб келишди. Улар корхонада электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишлари натижасида давлат манфаатларига 57 млн. 354 минг сўмлик зарар етказишади.

Шунингдек, О.Атоқов, С.Ҳамроев, Э.Эрназаровларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида бошқармага тегишли 21 млн. 340 минг сўмлик автобензин талон-торож қилинади.

Аслида, мазкур бошқарманинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалларида ходимларга бир ойлик маош миқдорида моддий ёрдам ажратилиши кўзда тутилган. Бироқ бош ҳисобчи Э.Эрназаров давлат бюджети ҳисобидан саховатпешалик қилишни афзал билиб, ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда, ёшга доир пенсияга чиқаётган ходимларга энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида моддий ёрдам ёзиб, бюджетнинг 32 млн. 117 минг сўм миқдоридаги маблағининг талон-торож бўлишига сабабчи бўлди.

Шу билан бирга, бу шахс иш жойи туман марказида жойлашган, хизмат вазифаси эса доимий равишда чўл ва сувсиз ҳудудлар билан боғлиқ бўлмаган техник ва кичик хизмат кўрсатувчи, марказий диспетчерлик хизмати ходимларининг иш ҳақига ҳам 15 фоизлик устама қўшиб, 32281,6 минг сўм бюджет пулларини ноқонуний тарзда тўлаб юборади.

Давлат мулкига хиёнат қилиб, бюджет маблағларини қонунга хилоф тарзда сарфлаган қонунбузарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилди.

Top