22:47 / 09.11.2017
6069

Alibaba Кремний водийсининг муқобилини келажак шаҳрига айлантирмоқчи

Фото: EAST NEWS

Alibaba компанияси АҚШдаги Кремний водийсининг Хитойдаги муқобили – Сюнань мегаполисига ўз инновацион ва технологик ресурсларини бутун Хитойга намуна бўладиган қилиб татбиқ қилмоқчи. Бу ҳақда China Daily нашри маълум қилди.

Alibaba ҳозирча лойиҳаланаётган Сюнанни намунали “ақлли” шаҳарга айлантириш учун энг замонавий технологик ютуқлардан фойдаланишини эълон қилди. Бунинг учун компания катта ҳажмдаги маълумотлар,  компьютер ишланмалари, замонавий логистик тизим, молия тизимлари ва электрон тижоратга катта маблағлар сармоя қилишни бошлайди.

“Бизнинг мақсад Сюнанда бизнес билан шуғулланишдан иборат. Биз келажак шаҳрини қуриш учун бу шаҳарга барча инновацион ва технологик ресурсларимизни татбиқ қилмоқчимиз. Кўрасиз, яқинда бу шаҳарга Хитойнинг барча шаҳарлари тенглашишга ҳаракат қилади”, деб айтди Alibaba асосчиси Жек Ма.

Шаҳарда компаниянинг молия-техника, технология ва логистика соҳаларида фаолият юритувчи филиаллари рўйхатдан ўтди. Яқин орада шаҳарда “ақлли” автотураргоҳлар, кассирларсиз супермаркетлар пайдо бўлади.  

Сюнань шаҳри АҚШдаги Кремний водийсининг муқобили сифатида лойиҳаланган. Жорий йилнинг апрелида Хитой раиси Си Цзиньпин бу шаҳар Пекиндан 100 км узоқликда қурилишини эълон қилган. Яқин 20 йил ичида ушбу лойиҳага 362 млрд доллар сармоя қилиш режалаштирилган. Morgan Stanley маълумотларига кўра, “келажак шаҳрига” 4,5 млн киши кўчиб ўтади.

Top