11:31 / 17.11.2017
9648

12 минг доллар талаб қилган товламачи ушланди

2017 йилнинг 10 ноябрь куни фуқаро А. Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, “Бекзод” исмли шахс жорий йилнинг август ойидан буён унга қўнғироқ қилиб, турмушга чиқаётган қизини шарманда қилувчи уйдирмалар билан тўйини бузишини айтган. Товламачи бу сирни сақлаш эвазига 12000 АҚШ долларини талаб қилаётганлигини маълум қилган. 
  
Фуқаро А.нинг мурожаатига асосан Тошкент ШИИББ Жиноят қидирув Бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-тадбир амалга оширилиб, Раҳимов Бекзод Давирқулович 2017 йилнинг 10 ноябрь куни Миробод тумани 2-тор Катта Миробод кўчасида А.дан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик, яъни жабрланувчи ва унинг яқин кишилари учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни топширишни талаб қилиш, жабрланувчини ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Раҳимовга нисбатан “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Шу муносабат билан Тошкент ШИИББ суратдаги шахснинг товламачилигидан жабр кўрган бўлса, ички ишлар идораларига ёки “102” қисқа рақами орқали мурожаат қилишни сўрайди. 

Top