Диққат қидирув: оғир жиноятларда гумон қилинаётган шахс қидирилмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган шахс қидирилмоқда. Бу ҳақда ШИИББ сайтида эълон берилган.
«Оғир жиноят содир қилганликда гумонланувчи, 1991 йилда туғилган, Олмазор туманида яшовчи Жўраев Шоҳрух Қобил ўғли қидирилмоқда. Гумонланувчи хавфли, ёнида пичоғи бор, қарши куч ишлатиши мумкин
Ҳурматли шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари! Агар сизга гумондорнинг қаердалиги маълум бўлса, қуйидаги телефон рақамлари орқали маълум қилишларингизни илтимос қиламиз: 102, 272-98-39, 231-95-13, (98) 362-51-14. ШИИББ қўнғироқ қилган шахснинг шахси сир сақланишини тўлиқ кафолатлайди», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг августида интернетда «Спарк» ва «Жигули» автомобилларидаги бир гуруҳ шахслар ўртасида содир бўлган ҳодиса тасвирланган видео тарқалди. Унда бир гуруҳ безорилар бир йигитни кўчада тўхтатиб, машинасининг ойналарини синдиришган ва ўзини эса дўппослашгани тасвирланганди.
Кўп ўтмасдан пойтахт ИИББ ахборот хизмати ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.
Унга кўра, жабрланувчи – 23 ёшли А.Ботиржон таниши Шохруҳдан пул қарз олиб, охирги 500 минг сўмни қайтаролмаган. Жўраев Шохруҳ ўз шериклари Бекзод Нуриддинов, Г.Зиёвуддин, М.Музаффар ва И.Абдуғани билан «Ватан» кинотеатри ёнида А.Ботиржон ва М.Жасур бўлган «Спарк» машинасини тўхтатишганди.
Кейинроқ Шохруҳ Жўраев ва Бекзод Нуриддинов қидирувга берилганди. Тез орада 31 ёшли Бекзод Нуритдинов қўлга олинди, Шохруҳ Жўраев эса ҳамон қидирилмоқда.