Ўзбекистон | 11:40 / 21.11.2017
54109
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мудофаага оид янги давлат қўмитаси ташкил этилди

Фото: ЎзА

20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Қарор мазмунига кўра, янги ташкил этилаётган давлат қўмитаси мамлакатда мудофаа мақсадидаги буюртмалар ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ягона сиёсатни мувофиқлаштириб боради.

Шунингдек, ҳужжатда мазкур қўмита Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тизимига қурол-яроғ, ҳарбий техника, моддий буюмларни етказиб бериш ва таъминлаш билан шуғулланиши белгилаб қўйилган.

Янги ташкил этилган қўмита таркибига «Ўзмахсусимпекс», «Шарқ» ДУК ва Чирчиқ авиасозлик таъмирлаш заводи киритилган. 2018 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий-техника воситаларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, тайёрлаш ва етказиб бериш ушбу қўмита тақдим этган лицензияси асосида амалга оширилади.

Жорий йил октябрь ойи сўнгида Россия ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Рогозин Ўзбекистонга ташриф буюриб, «Россия ҳарбий-саноат соҳасини ривожлантиришда расмий Тошкентга маслаҳат орқали кўмак бериши»ни таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли раҳбарлигидаги делегация Тошкент шаҳрида ҳарбий-техника соҳасида икки томонлама муносабатларни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзолаганди

Шундан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи давомида «Ўзавтосаноат» АЖ ва Туркиянинг ҳарбий техника ишлаб чиқариш соҳасида етакчи компанияси саналадиган Nurol Makina ve Sanayi A.Ş.​ширкати ўртасида англашув меморандуми имзоланган. Унга кўра, Ejder Yalçın 4x4 ​ бронетранспортерларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Мавзуга оид