12:06 / 24.12.2018
15436

Хитойда Ички Мўғулистон банки раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинди

Фото: AFP

Ички Мўғулистон Банки (ХХР шимолидаги мухтор ҳудуд) собиқ раҳбари Ян Чэнлинь 21 декабрь куни ўлим жазосига ҳукм қилинди, унинг барча мол-мулки мусодара этилади. Бу ҳақда RG Хитой марказий телевидениесига асосан хабар бермоқда.

Баотоу шаҳри оралиқ поғонадаги Халқ судининг бундай қаттиқ қарорига амалдор 307 миллион юань (44,5 млн доллардан ортиқ) миқдорида мулк ҳамда пул маблағларини ноқонуний тарзда ўзлаштиришда айблангани сабаб бўлди.

«Айбланувчининг ҳаракати жамиятга жуда катта салбий таъсир кўрсатди, мамлакат ва халқ манфаатларига зарар етказди», - дейилади қарорда. Жазони ижро этиш муддати икки йилга қолдирилди. Шу билан бирга, таъкидланишича, ҳукмни юмшатиб бўлмайди.

Оралиқ халқ суди Хитойнинг иккинчи энг йирик халқ суди ҳисобланади. ХХР Халқ судлари Асосий қонунига биноан, оралиқ халқ судлари биринчи инстанцияда тегишли муҳим маҳаллий ишларни, шунингдек, асосий халқ судларининг апелляция ишларини кўриб чиқади.

Top