23:07 / 10.02.2020
0
10094

Қозоғистоннинг Жамбил области раҳбари тартибсизликлардан кейин ўзгартирилди

Қозоғистон президенти қозоқлар ва дўнгонлар ўртасида можаро келиб чиққан Жамбил области акимини (ҳокими) ўзгартиришга қарор қилди. Бу лавозимни бош вазир ўринбосари Бердибек Сапарбаев эгаллади.

© AP Photo/Vladimir Voronin

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг тегишли фармони президент сайтида эълон қилинган

Шу фармон билан Сапарбаев бунгача эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Президентнинг яна бир фармони билан Асқар Мирзахметов Жамбил области акими лавозимидан озод этилган.

Бердибек Сапарбаев. Фото: Акорда

9 февралда 67 ёшини қаршилаган Сапарбаев 2019 йил августдан бери бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб келган. У, шунингдек, 2014-2015 йилларда ҳам ушбу лавозимда ишлаган. 

Шунингдек, президент фармони билан Масанчи қишлоғи жойлашган Кордай райони акими ва полиция бўлими бошлиғи, Жамбил области акимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари ва полиция департаменти бошлиғи фаолиятларида йўл қўйган жиддий камчиликлар учун ишдан олинган.

7 февраль куни кечқурун Жамбил области Масанчи қишлоғида қозоқлар ва дўнгонлар ўртасида можаро келиб чиққанди. Унинг оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 130 дан кўпроқ одам жароҳат олган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top