23:43 / 11.06.2020
27308

ТДЮУ магистратурасига қабул бўйича янгиликлар маълум қилинди

Бу йил Юридик университети магистратурасига 150 нафар талаба қабул қилинади. 1 июлдан 30 июлгача ҳужжат топшириш мумкин. Имтиҳонлар 5-25 август кунлари бўлиб ўтади.

11 июнь куни юридик таълимдаги қабул янгиликларига бағишланган матбуот анжуманида Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов юридик йўналишда магистратура босқичи қабулига оид янгиликларни санаб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2020 йилда Тошкент давлат юридик университети магистратура босқичи учун 150та квота ажратилиши режалаштирилган.

Қабул қуйидаги 8та йўналиш бўйича тўлов-контракт асосида амалга оширилади:

  • давлат бошқаруви ҳуқуқи
  • жиноят қонунчилигини қўллаш назарияси ва амалиёти
  • бизнес ҳуқуқи
  • адвокатлик фаолияти
  • халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этиш
  • меҳнат ҳуқуқи
  • интеллектуал мулк ва ахборот технологиялари ҳуқуқи
  • спорт ҳуқуқи

ТДЮУ ректорининг қайд этишича, магистратура йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган талабгорлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат тест маркази сайти орқали 1-30 июль муддат оралиғида ҳужжат топшириши мумкин.

«Алоҳида таъкидлаш жоизки, олдин магистратурага қабул имтиҳони Тошкент давлат юридик университетида ёзма иш тарзида олинган. Бу борада кўп ўйладик ва объективлик бўлиши учун барча имтиҳонларни ДТМ орқали олинишини режалаштирдик.

Онлайн ҳужжат топширишда фуқаролик паспорти, олий маълумот тўғрисидаги диплом ёки дипломдан кўчирма, агар мавжуд бўлса, имтиёз тақдим этувчи ҳужжат талаб этилади», – деди Раҳим Ҳакимов онлайн брифингда.

Маълум бўлишича, магистратура имтиҳонида мутахассислик фанларининг ҳар биридан 50тадан савол бўлади ва уларнинг ҳар бирига 3,1 баллдан берилади. Фан доирасида жами тўплаш мумкин бўлган натижа – 155 баллни ташкил қилади.

Чет тили фанидан эса 25та саволнинг ҳар бири 2,1 баллдан баҳоланади. Фан доирасида жами 52,5 балл тўпланиши керак.

Максимал балл эса 207,5 баллга тенг.

«Чет тили имтиҳонидан имтиёз олиш учун CEFR миллий сертификати бўйича B2 ва ундан юқори, IELTS сертификати бўйича 6 балл талаб этилади, бунда ёзиш кўникмаси ҳам 6 ва ундан юқори бўлиши керак. TOEFL сертификати 78 балл ва ундан баланд бўлиши талаб этилади. Бошқа тиллар бўйича ҳам даражалар B2 ва ундан юқори даражада бўлиши керак», – дея Раҳим Ҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, магистратура имтиҳонлари 5-25 август кунлари кенг сиғимли павильонларда ўтказилади.

Тўпланган натижа эртаси куниёқ, магистратурага тавсия этилган ёки йўқлиги бир ҳафта ичида аниқ бўлади.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top