12:48 / 20.10.2020
9291

«Ўзбеккино» мультипликаторларнинг агентлик раҳбариятидаги муаммолар ҳақидаги очиқ хатига муносабат билдирди

«Ўзбеккино» миллий агентлиги ва «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси ижодий жамоаси ўртасидаги можаро давом этмоқда.

Фото: Ўзбеккино

«Ўзбеккино» мамлакатдаги айрим мультипликаторлар томонидан миллий агентликнинг муаммолари ҳақида йўллаган очиқ хатига расмий муносабат билдирди. Унда мультипликаторларнинг миллий агентлик раҳбариятига билдирган барча айбловлари рад этилган.

«Ўзбеккино» МА кино соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ барча нуқтайи назарларни ҳурмат қилишини билдиради. Бироқ юқорида кўрсатилган «Сиз ким билансиз, жаноб бош директор?» деб номланган айрим мультипликаторларнинг «Ўзбеккино» муаммолари ҳақидаги очиқ хатини кўриб чиқиб, агентлик ундаги айбловларни қатъиян рад этади ва бу материалнинг муаллифлари маълумотларни атайин бузиб кўрсатиб, жамоатчиликда янглиш фикрларни шакллантиришга уринган деб ҳисоблайди», дейилади агентликнинг «Биз ҳақиқат тарафидагилар биланмиз» дея номланган расмий муносабатида.

«Мультипликацион фильмлар студияси» вакилларининг асосий айбловларидан бири сифатида Фирдавс Абдухолиқов агентлик бошқарувига келгач давлат студиясида бирорта ҳам анимацион фильм ишлаб чиқарилмагани келтирилган.

«Очиқ хатда «Ўзбеккино» раҳбари Фирдавс Абдухолиқов анимацион фильмлар яратиш бўйича давлат маблағлари ва буюртмаларни хусусий нодавлат студияларга сахийлик билан тарқатади...» шунингдек, «ўтган йилда давлат студиясида биронта ҳам анимацион фильм ишга туширилгани йўқ», деб таъкидланади.

Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки 2020 йилда «Ўзбеккино» томонидан жами 5,2 миллиард сўмлик 11та мультипликацион фильм ишга туширилган бўлса, шундан 3,4 миллиард сўмини «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси олган (2020 йил октябрь ойидаги маълумотлар). Ўтган йили эса 4,6 миллиард сўм умумий суммадан, студия шунингдек, 3,4 миллиард сўм маблағ олган, хусусий студияларга эса 1,2 миллиард сўмлик анимацион маҳсулотларга маблағ ажратилган», дейилади юқоридаги айбловга жавобда.

Агентлик «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУКнинг 30 нафар ходими — режиссёр, рассом ва аниматорлар тирикчиликдан маҳрум бўлиб, ишсиз қолгани ҳақидаги маълумотни ҳам рад этган.

«Агентликка қўйилган айбловлар жиддийлигини ҳисобга олиб, «Ўзбеккино» очиқ хатга имзо чеккан шахслар томонидан ўтган саккиз ой мобайнида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун олинган гонорарлар миқдорини эълон қилишга мажбур:

Ҳамидулла Маҳмудхўжаевга – 87 миллион сўм;
Гаяна Матевосянга – 80 миллион сўм;
Нилуфар Қудратуллаевага – 47 миллион сўм;
Дмитрий Власовга – 46 миллион сўм;
Фаина Митугулинага – 45 миллион сўм;
Татьяна Коробовага – 30 миллион сўм;
Нозим Тўлахўжаевга – 27 миллион сўм.

Гонорарлар анимация маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича амалдаги нархларга мувофиқ ҳисобланган», дейилади агентлик муносабатида.

Аммо очиқ хат муаллифлари агентликнинг раддиясидаги бу рақамларни «фактларни қасддан нотўғри талқин қилиш» деб атаган.

«Ўзбеккино» томонидан гонорарлар ҳақида муайян фильмлар номи ва ҳужжатларсиз келтирилган бу рақамлар Фирдавс Абдухолиқовнинг иштирокисиз ишга туширилган, лекин унинг даврида кечиктиришлар билан ўтган йилги фильмлар учун тўловлар ҳисобланади. Шундай экан, бу «Ўзбеккино»нинг ўтган йилги қарзлари, ҳозирги даромадлари эмас. Бу йил учун эса одамлар бир тийин ҳам олишмади ва бирорта картина ишлаб чиқарилмади», ­− деган очиқ хат муаллифларидан бири Kun.uz мухбирига.

«Ўзбеккино» агентлигининг муносабатида давлат мультстудиялари давлат маблағлари сарфлаб тайёрлаётган қисқа метражли анимацион фильмлар Ўзбекистон ёш томошабинлари эътиборини жалб қила олмаётгани афсус билан қайд этилган.

«Мурожаатни имзолаганларнинг аксарияти ўз ишларида анимацион контент яратишнинг эскирган тизими 2D форматидан фойдаланади. Шу сабабли «Ўзбеккино» ажратилган давлат маблағларини болалар аудиториялари учун янги, замонавий ва талаб катта бўлган контент яратиш учун йўналтиришни зарур деб ҳисоблайди… Таҳлиллар шуни кўрсатадики, хусусий студиялар томонидан 3D форматида яратилаётган фильмлар давлат мультипликацион фильмлар студияси томонидан яратилган маҳсулотларга нисбатан юқорироқ рейтингларга эга бўлмоқда, уларга интернетда ҳам, телевидениеда ҳам талаб катта. Шу сабабли «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК буюртмаларининг бир қисми, хусусан, мультсериаллар, хусусий студиялар билан ҳамкорликда, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда яратилмоқда», ­− дея қайд этилади агентлик томонидан.

«Ҳеч ким 3D фильмларни инкор этмайди. Аксинча, анимацион фильмлар турлича бўлиши керак. 2D анимацион фильмларимиз рейтинги хақида эса биз эмас, бир нечта халқаро анимацион фестивалларда эгаллаган ўринлар ва ҳар йили болалар учун ўтказиладиган премьералар гапирмоқда», − дея жавоб қайтаради очиқ хат муаллифларидан бири.

Аввалроқ эълон қилинган очиқ хатда Фирдавс Абдухолиқов «Футурист» хусусий корхонаси эгаси Бекзод Саломовни «Мультипликацион фильмлар студияси»га директор этиб тайинлагани, Бекзод Саломов эса дарҳол сабабсиз меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузган ҳолда студиянинг барча ижодий гуруҳини ишдан бўшатгани, норозилик ва суд таҳдидидан кейингина мультстудия директори ҳаммани ўз иш ўринларига қайтаришга мажбур бўлгани айтилганди. Шунингдек, бу тайинлов юридик жиҳатдан ноқонунийлиги, чунки хусусий тадбиркор давлат студиясига раҳбарлик қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилган.

«Ўзбеккино» эса Б.Саломов номзоди «Мультипликацион фильмлар студияси» жамоаси томонидан раҳбарликка таклиф қилинганини маълум қилган.

«Бу ҳам ҳақиқатга мос эмас. Давлат унитар корхонасининг амалдаги раҳбари Беҳзод Саломовнинг ишбилармонлик фазилатларини ҳисобга олиб, уни студия ходимлари ва аниматорлар жамоасининг ўзи директор лавозимига номзод сифатида таклиф этган. Унинг номзоди учун бир овоздан овоз берганлар орасида — бу очиқ хатга имзо чекканларнинг аксарияти бор. Натижада Беҳзод Саломов давлат унитар корхонасини тўлиқ бошқариш учун «Футурист» студиясидан ишдан бўшади ва таъсисчилар таркибида унинг исм шарифи йўқ.

«Ўзбеккино» МА анимацион студияда мана неча йилки бирдамлик ва ҳамжиҳатлик йўқлиги, вақти-вақти билан жанжал ва хатбозлик авж олишидан афсусдамиз. Бироқ Ўзбекистондаги аниматорлар орасида ислоҳотларни қўллаб-қувватловчиларининг сони юқорида кўрсатилган мактубга имзо чекувчиларга қараганда бир неча марта кўплигидан хурсандмиз. Шу муносабат билан мазкур мурожаатни имзолаган гуруҳ жамоатчиликка ўзини «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК аниматорлари жамоаси» деб тақдим этиши тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз», − дея қайд этилади миллий агентлик томонидан.

  • Аввалроқ, Ўзбек киносининг таниқли арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллагани хабар қилинганди. Мурожаатда у «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг раҳбарлик фаолияти юзасидан салбий фикрларини билдирган.
  • Шу йилнинг апрель ойида эса кино соҳасига алоқадор 109 киши «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир номига шикоят йўллаганди.
Top