10:41 / 17.12.2021
1504

Қаршида ҳаракатланиб кетаётган «Газел» юк машинасида ёнғин содир бўлди

Фото: ФВБ

Қарши шаҳридаги кўчада ҳаракатланиб кетаётган Газел» юк машинасида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 декабр куни соат 17:02ларда 101 қисқа рақами орқали Қарши шаҳар ФВБга шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида ҳаракатланиб келаётган «Газел» юк машинасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, ёнғин содир бўлган жойга Қарши шаҳар ФВБдан битта ёнғин-қутқарув бўлинмаси етиб борган. Ёнғин соат 17:14ларда тўлиқ ўчирилган. Ёнғин оқибатида машинанинг мотор ва олд салон қисми зарарланган.

Дастлабки суриштирувда ушбу машина «Ўзтелеком» АЖнинг Қашқадарёдаги бўлимига қарашли экани ва уни Қарши тумани «Дашт» ҚФЙда яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро Ж.Р. бошқариб кетаётгани аниқланган.

Ёнғинда ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари ўрганилмоқда.

Top