12:10 / 27.12.2022
13285

Одам бошига кўпи билан 5 кило шакар, қимматлаб кетган шам — 2022 йил навбатлари

2022 йил давомида турли сабаблар билан бирор маҳсулотга бўлган эҳтиёж ортиб кетиши ёки чегирмалар эълон қилиниши ортидан йирик навбатлар ҳосил қилинди. Баъзилари навбатдан кўра тартибсизликка яқинроқ. Улардан энг йирикларини санаб ўтамиз.

Фото: Kun.uz

Умуман, йил бошидан бери Ўзбекистонда ажиотажлар бир қанчани ташкил этди.

Дам олиш учун навбат

Ўтган йили Янги йилда 31 декабрдан 4 январгача кетма-кет 5 кунлик дам олиш берилди. Дам олиш мақсадида эса одамлар, асосан, Тошкент шаҳридаги кўнгилочар масканлар, Тошкент вилоятининг курорт зоналарини танлашгани учун тирбандликлар, тиқилинчлар юзага келди.

Амирсойда кузатилган ҳолат. 3 январ

Тошкент шаҳридаги Magic city паркидаги тиқилинч.

Шам ва сувга навбат

25 январ куни Қозоғистоннинг жанубий қисми, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг эса деярли барча ҳудудлари йирик блэкаут сабаб электрдан узилиб қолди.

Бутун республикада электр узилиши сабаб одамларда қадоқланган ичимлик суви ва шамга талаб ортиб, ажиотаж кузатилганди.

Ўша куни турли савдо марказларида навбатлар ҳосил бўлди.

Одатий ҳолатда 1000–1 500 сўм бўлган шам нархи талаб ортиб кетиши билан ошиб кетганди.

Ўрикзорда шамга навбат.

Шакарга навбат

Кейинги эсда қоларли навбатлар шакарга бўлди. Айни ёз мавсуми бошланиши билан бозорда шакарга талаб ортди. Маҳсулот нархи қимматлаши сабаб бозорларда махсус расталар ташкил қилиниб уларда сотиб олишга чекловлар киритилди. Бир кишига 5 кгдан ортиқ шакар сотилмади.

Ҳатто ўз пулига 158 кг, яъни кўп шакар сотиб олгани учун фуқаро ИИБ томонидан ушланганди.

Турли ҳудудларда шакар учун навбатлар ҳосил бўлди.

Тошкентда шакар учун навбатлар

Андижонда шакар учун навбатлар

18 минг кишилик навбат

Бундай йирик навбат «Атлас» савдо мажмуасида маиший техникалар учун 70-90 фоизгача чегирма эълон қилиниши билан пайдо бўлганди. Лекин ҳаддан ортиқ одам йиғилиб тартибсизлик бўлиб кетгани учун ҳеч нарса сотилмай одамлар тарқатиб юборилганди.

Бундан ташқари, гарчи республиканинг ҳамма жойида бўлмаса-да, қайсидир ҳудудларда турли вақтларда турли маҳсулотлар учун навбатлар акс этган видеолар тарқалган.

Фарғонада «буханка» нон учун навбат. Апрел.

Нукусда ун учун навбат.

3 соатда – 1 йиллик навбат

Яна бир йирик навбатни одамлар тўпланиб эмас, балки онлайн тарзда ҳосил қилишди. UzAuto Motors 1 ноябрдан Chevrolet Onix автомашинасини сотувга чиқарди. Шу куни 3-4 соатнинг ўзидаёқ машина учун 1 йиллик навбат шаклланиб улгурган.

Бензинга навбат

АИ-80 бензини импорти ва реализацияси 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартгача акциз солиғидан озод қилинди. 13 декабр, сешанбадан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмдан 5700 сўмга туширилди. Бензин арзонлашгани пойтахтдаги шохобчаларда навбатларни юзага келтирди.

Кийимга навбат

Яқинда ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги кийим дўконларидан бирида чегирма эълон қилингани сабаб жуда кўп одам йиғилгани акс этган видео тарқалди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми келиши билан аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида метан шохобчалар фаолияти чекланади ва ҳайдовчилар газ «заправка»ларида навбатда туришади. Энг кўп учрайдиган навбат турларидан бири ҳам метан шохобчаларда бўлса керак.

Бу жойларда навбатлар нисбатан тартиблироқ ва қоида бузганларга жазо ҳам бор. Масалан, 10 кунча олдин Олтинкўл туманида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасига пул эвазига машиналарни навбатсиз киритаётган 2 нафар шахсга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Газ шохобчасидаги навбат. Январ

Top