18:39 / 23.11.2023
23009

Долларнинг расмий курси илк марта 12 300 сўмдан ошди

Йил бошидан буён сўм долларга нисбатан 9,4 фоизга қадрсизланди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 24 ноябрдан бошлаб амал қиладиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курсини эълон қилди.

Унга кўра, 1 АҚШ доллари 15,95 сўмга қимматлаб, 12 304,98 сўмга етган. 1 евро 43,23 сўмга қимматлаб, 13 440,73 сўмни, 1 фунт стерлинг 56,89 сўмга кўтарилиб, 15 453,82 сўмни ташкил этган.

Шу тариқа, АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қиймати илк марта 12 300 сўмдан ошди.

23 ноябр куни Ўзбекистондаги тижорат банкларида Америка валютаси 12 230 – 12 290 сўм оралиқдаги курсда сотиб олиниб, 12 330 – 12 365 сўм диапазондаги курсларда сотилди. Банкларда долларнинг сотиш курси илк марта 2 ноябрда 12 300 сўмдан ошганди.

Расмий курс бўйича, ўзбек сўми йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 9,4 фоизга қадрсизланди. Таққослаш учун, сўмнинг долларга нисбатан девалвацияси 2022 йил давомида 3,9 фоизни ташкил этганди.

Жорий йил давомида курсдаги сезиларли ўзгариш 10 августда рўй берди: шу куни курс бирданига 408 сўмга юқорилаб, 12 075 сўмга етганди.

Доллар курсининг кўтарилиши хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ва экспортдан валюта тушумлари камайиши фонида рўй бермоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, январ–октябр ойларида ташқи савдодаги салбий салдо 10 млрд долларга етган.

Top