Ўзбекистон | 19:22 / 17.08.2024
58695
5 дақиқада ўқилади

Мандат чиқди – талабаликка тавсия этилган ва этилмаганлар нималарни билиши керак?

Ким қаерга ўқишга киргани аниқ бўлгач, талабалар ётоқхонага жойлашиш, контракт нархлари маълумотларини излашни бошлайди. Талабаликка тавсия этилмаганларда эса супер-контрактда ўқиш шартлари ва нархлари қандай деган саволлар пайдо бўлади. Kun.uz шу каби муҳим маълумотларни бир жойга тўплади.

Фото: Kun.uz

Контракт нархлари аниқми?

Ҳа, аниқ. Июл ойида 2024/2025 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган. Унга кўра, контракт миқдорлари ўртача 15 фоиз оширилган. Бакалавриатда педагогика йўналишида ўқиш шартномаси қиймати 7,4 млн, тиббиётда 10,5 млн, ҳуқуқ ва халқаро иқтисодий муносабатларда 11 млн 250 минг сўм деб белгиланди.

6yDHfyHZANFIKcdEz7u0rrQp0ocBPbNs.jpg (1280×905)

Шуни ҳам инобатга олиш керакки, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМлари тўлов-контракт миқдорларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Мисол учун, олдинроқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида контракт миқдори оширилгани ҳақида маълум қилинган эди. Унда 2024/2025 ўқув йилида 1-босқич талабалари учун контракт стипендиясиз – 29 млн 428 минг сўм, стипендияли – 35 млн 642 минг сўм этиб белгиланганди.

Супер-контрактчилар нима қилади?

 Йўналишлар кесимида ўтиш баллари эълон қилинди. Бу супер-контрактчилар учун муҳим. Яъни супер-контракт асосида ўқиш нияти бўлганлар баллари супер-контрактнинг 4 балли арзон турига мос келиш ёки келмаслигини билиб олишлари мумкин.

Агар абитуриентнинг балли қабул квотасидаги баллга жуда кам етмай қолган бўлса, камроқ, аксинча, кўп етмаган бўлса, кўпроқ пул тўлайди.

Амалдаги қонунга кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;

1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;

2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;

3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар миқдорида тўлов қилиб ўқиши мумкин.

Минимал баллдан (бу йил 56,7 балл) кам тўпламаган, лекин қабул квотасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган абитуриентлар учун йўналишларига қараб супер-контракт миқдори базавий контрактнинг бир неча баробари кўринишида белгиланади. Яъни агар абитуриент 56,7 баллдан кўп тўплаган, бироқ ўтиш баллига 4,05 баллдан кўпроқ етмай қолган бўлса, унда шунақа миқдордаги пулни тўлаб талаба бўлиш имконига эга бўлган.  Агар абитуриент минимал баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, унда унга ўз йўналиши бўйича белгиланган энг юқори контракт миқдорининг 2 бараварини тўлаб талаба бўлиш ҳуқуқи берилади.

Бир абитуриент ўрнига бошқаси кирса бўладими?

Квота доирасида талабаликка қабул қилинган, бироқ ўқишни хоҳламаган абитуриентларнинг ўрни бўш қолади. Билимларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматидан аниқлаштирилган маълумотга кўра, ўқимайдиган, лекин талабаликка қабул қилинган абитуриентдан кейинги тест топширганлар юқорига кўтарилмайди. Агар қабул чизиғидан пастдаги абитуриентлар талаба бўлишни хоҳласа, унда супер-контракт вариантини танлашига тўғри келади.

Биринчи йўналишга “супер” қилиш имкони бериладими?

2022 йилда Давлат қабул комиссияси қарорига кўра, абитуриент ўзи танлаган биринчи йўналишга кира олмаган, лекин 2-, 3-, 4- ёки 5-йўналишлардан бирига ўқишга кирган бўлса, ўз хоҳиши билан биринчи танлаган йўналишида супер-контрактда ўқишига рухсат берилганди.

Бу истисно 2-, 3- ёки 4-йўналишга тааллуқли эмас. Яъни бешинчи йўналишга ўқишга кирган абитуриент иккинчи ёки тўртинчи йўналишни танлаб, супер-контракт қила олмайди, фақат биринчи йўналишга қилиши мумкин бўлади.

1-курслар учун ётоқхона қачон берилади?

Талабаларнинг ётоқхонага онлайн ариза бериши 1 августдан бошланган эди. Дастлаб имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар талабалар турар жойларига қабул қилинади. Шундан сўнг умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида қуйидагича тақсимланади:

·       1-курс талабалари учун 55 – 65 фоиз;

·       2-курс талабалари учун 15 – 20 фоиз;

·       3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20–25 фоизгача ажратилади

Талабалар давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига жойлашиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон ариза юборишлари мумкин. Агар талабанинг аризаси қаноатлантирилмай, ётоқхонага жойлаша олмаса ҳам, унга ижара пуллари қоплаб берилади. 1-курслар учун шартнома бўлмаса ҳам, сентябр-октябр ойларининг ижара пуллари тўлаб берилади.

Бундан ташқари, ҳар бир ОТМда талабаларга ижара топиш ва ётоқхонага жойлашишга ёрдам берадиган махсус марказлар иш бошлаган.

Ҳамма учун умумий эслатма: Талабаликка қабул қилинганлар энг аввал ўзлари топширган ОТМ расмий саҳифаларини топиб кузатиб боришлари – энг тўғри вариант. Ҳар бир ОТМга оид энг сўнгги янгиликлар уларнинг расмий саҳифаларида бериб борилади. Бундан ташқари, супер-контракт асосида талаба бўлишни режалаштираётган абитуриентлар учун ҳам ОТМга оид янгиликларни кузатиб бориш фойдали.

Мавзуга оид