Ўзбекистон | 15:18 / 26.11.2024
37168
4 дақиқада ўқилади

Қўқонлик табиб яна трендда – унинг фаолияти ҳақида нималар маълум?

Яқинда қўқонлик табибнинг уйига шифокорлар бемор олиб боргани видеоси тарқалганди. Ундан кейин “Севимли” телеканали мухбирлари табибнинг маҳалласига боргани, лекин уларни ичкарига киритишмагани ҳақида лавҳа эълон қилинди. Бу табиб ўзи ким, у ҳақида нималар маълум?

Бундан 2 йил аввал Kun.uz мухбири қўқонлик табиб Иқболжон Солиев фаолияти ҳақида суриштирув қилган эди. Суриштирув давомида мухбир табибнинг уйига борган, навбат кутаётган беморлар билан гаплашган. Беморлар табиб кўригига бир неча кунлаб навбатда туришган, муолажа 3 кун давом этиб, 300 минг сўм тўлашган. Айтишларича, табиб ҳамма беморга бир хил муолажа қилади.

53 ёшли Иқболжон Солиев Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида беморларга қўлини теккизиб, уларни силаб даволаб келади. Унинг отаси ҳам ўз даврида табиблик қилган. Ҳозир Солиевнинг укаси ҳам табобат билан шуғулланади. Қишлоқдошларининг айтишича, бундан бир муддат аввал табиб тўйларда қўшиқ айтиб юрган. Унинг ижросидаги қўшиқлар маҳаллий телеканалларда ҳам намойиш этилган. Иқбол Солиев ҳофизлик баробарида табобат билан ҳам шуғулланиб келган. Лекин у пайтда табиб бугунгидек “машҳурликка” эришмаган. 2022 йилда кўр беморларни даволагани, юролмайдиганларни юргизиб юборгани ҳақида видеоларини ижтимоий тармоқларга жойлаганидан кейин унинг хонадонига мижозлар ёғилиб кела бошлаган.

Яқинда табибнинг уйига шифокорлар беморни олиб келгани видеоси тарқалди. Унда суяк емирилиши билан келган беморни табиб силаб қўйгани ва шундан кейин бемор ўзини яхши ҳис қилгани акс этган. Дарвоқе, бемор табибнинг уйига тез ёрдам машинаси белгиларини эслатувчи автомашинада олиб келинган. Лекин Республика тез тиббий ёрдам маркази машина 103 хизматига тегишли эмаслигини айтиб, расмий муносабат билдирганди.

Шу воқеадан кейин “Севимли” телеканали мухбирлари табибнинг маҳалласига боргани видеоси тарқалди. Лавҳадан кўринишича, мухбирлар табиб яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғайратжон Тошпўлатов билан учрашиб, Солиевнинг фаолияти ҳақида маълумот олган. Раис табибнинг олдин қўшиқчи бўлгани, катта стадионларда концертлар берганини айтиб, унинг табиблик фаолияти одамларга фойда келтиришини қўшимча қилган. “Табиб бу ерда фаолият кўрсатаётган маҳалла фуқаролар йиғинига манфаат келтирмас. Бироқ яқин орада яшовчиларга манфаат келтиряпти. Энг катта манфаат халқнинг манфаатидир. Меҳмон уйи ташкил қилишган. “Перашки” пиширишади, мана, тушуняпсизми, савдолар юради. Мен шу томонини бизга энг катта ютуқ деб ўйлайман”, – деган у мухбир билан суҳбатда.

Иқболжон Солиев фаолият кўрсатадиган кўчанинг бошланиши панжара билан тўсиб қўйилган. Панжара ёнида табибнинг яқинлари ўтиради. Улар бемордан қайси касаллик билан оғригани ҳақида маълумот сўрашади. Мухбирнинг айтишича, табибнинг яқинлари рухсатномаси йўқлиги учун уни кўчага киритишмаган. Лавҳадан мухбир табиб ҳузуридан чиққан 2 киши билан гаплашгани кўринади. Улар табибдан ҳеч қандай шифо топмагани ҳақида гапирган.

Ўзбекистон халқ табобати бирлашмаси вакиллари табибга рухсатнома берилгани ва унинг фаолияти мониторинг қилинишини айтган бўлса, Ўзбекистон табобат академиясидаги мутахассис Иқболжон Солиевнинг фаолиятини оқламаган. “Илгари рўйхатга олган эдик. Кейин мен гапирмаганларни гапиртираман, юрмаганларни юризаман деди. Уни Тошкентга чақирдим. Тошкентга чақириб, гапиролмай қолган, инсулт бўлган одамни гапиртир, дедим. У у ёққа, бу ёққа юриб, гапиртиролмади, бор йўқол, тошингни тер, дедим”, – деган мухбир билан гаплашган масъул.

Лавҳадан кўринишича, мухбирлар боргач, кўчани тўсиб қўйган панжаралар, камералар олиб ташланган, навбат кутаётган беморлар тарқатиб юборилган.

Мавзуга оид