Ўзбекистон | 21:32 / 09.01.2025
2582
6 дақиқада ўқилади

9 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ов қилишга мораторий, АИ-80 бензин, мазут ва полиэтилен пакетларга тақиқ, Ўзбекистонда сояли сайр кўчалари тармоғи ва жорий этиладиган янги электрон рецепт тизими — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

АИ-80 бензин, мазут ва полиэтилен пакет тақиқланиши мумкин

2025 йилги давлат дастури лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилди. Унда Евро-4 стандартидан паст экологик тоифадаги ёқилғидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш таклиф қилинган. Шундай қилиб, паст сифатли Аи-80 бензинининг сотуви чекланиши мумкин.

Шунингдек, иссиқлик марказлари ва электр станцияларида мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланишни тақиқлаш ҳам таклиф этилган. Фақат ҳукумат билан келишилган ҳолда, авариявий ҳолатларда мазутдан фойдаланиш истисно сифатида белгиланиши мумкин.

2027 йилдан Ўзбекистонда полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш ҳам таклиф этилмоқда.

Лойиҳада бир марталик пластик маҳсулотларнинг ўрнига экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш назарда тутилган.

Шунингдек, пластик маҳсулотларда зарарли кимёвий моддалардан фойдаланишни чеклаш ва қайта ишланган пластикдан фойдаланиш меъёрларини белгилаш режалаштирилмоқда. Жумладан, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга «тараларни қайтариш», ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш ёки утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятни жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

2028 йилгача ов қилишга мораторий

Мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида ов қилишга чекловлар жорий этилади. Президент фармони лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача ёввойи ҳайвонларни овлашга мораторий жорий қилиниши режалаштирилган.

Мораторий фермалар, питомниклар, инкубаторлар ва балиқчилик хўжаликларида сақланаётган ҳайвонларга татбиқ этилмайди.

Санитар мақсадларда амалга ошириладиган ов қилишга чеклов қўйилмайди.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан ёввойи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун рухсатномалар электрон аукцион орқали берилади.

2025 йилдан бошлаб, республика марказий шаҳарларидаги дарё ва сойларда ҳар йили 15 тоннадан кам бўлмаган чавоқлантириш ишлари амалга оширилади. Бу чоралар табиий сув ҳавзаларидаги балиқлар популяциясини қайта тиклашга қаратилган.

Ўзбекистонда сояли сайр кўчалари тармоғи яратилади

Президент фармони лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муҳитни яхшилаш мақсадида бир қатор янги ташаббуслар амалга оширилади.

2025 йилда режалаштирилган ишлар сирасига жумладан, «Сояли сайр кўчалари» тармоғини яратиш ҳам киритилган. Пиёда ва велосипед йўлакларида дарахтлар экилиб, аҳоли учун қулай муҳит таъминланади.

Шунингдек, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 км соғломлаштириш йўлаклари қурилади.

«Яшил макон» ва «Менинг боғим» лойиҳалари доирасида 200 млн туп дарахт ва буталар экилади. Яшил боғ ва паркларда қуёш панеллари ёрдамида қувватланадиган ёритгичлар ўрнатилади.

Орол денгизи тубида 100 минг гектар яшил майдон барпо этилади, Оролбўйи ўрмонзорлари 2,1 млн гектарга етказилади.

«Яшил техникумлар» ташкил этилади

Ўзбекистонда таълим ва инсон салоҳиятини юксалтиришга қаратилган янги ташаббуслар амалга оширилади.

Президент фармони лойиҳасига кўра, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети етакчи таълим муассасаси сифатида белгиланади ва у экология, иқлим ўзгариши ҳамда циркуляр иқтисодиёт бўйича кадрлар тайёрлайди.

Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларда «яшил техникумлар» ташкил этилади.

Табиий фанлар, муҳандислик-техника ва иқтисодиёт йўналишларидаги олий таълим муассасаларига «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фанлари жорий этилади.

Давлат буюртмаси бўйича грант ўринлари 25 мингтагача кўпайтирилади. Камбағал оилаларнинг 3,5 минг фарзандлари олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинади.

2025 йилга қадар озиқ-овқат хавфсизлиги ва жисмоний саломатликни тарғиб қилиш мақсадида миллий дастурлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда электрон рецепт тизими жорий этилади

Президентнинг «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида янги тартибларни жорий этишни назарда тутувчи давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Бу лойиҳа тиббиёт ходимлари фаолияти ва дори-дармонлар таъминоти бўйича янги механизмларни қамраб олади.

2025 йил 1 июлдан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади. Бу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги босқичма-босқич механизмларнинг белгилаган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлайди.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрга қадар тиббий суғурта механизмлари амал қиладиган ҳудудларда «электрон рецепт» тизими йўлга қўйилади. Ушбу тизим орқали рецепт асосида бериладиган дори воситалари электрон шаклда тайинланади.

Янги тизимлар тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва дори воситалари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган. Улар орқали беморларга қулайликлар яратиш ва тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кутилмоқда.

 

Мавзуга оид