“Мутлақо махфий” — Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга доир жиноят иши судда кўрилмоқда
Президент администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга доир жиноят иши ҳарбий судда кўрила бошланди.
Бу ҳақда хабар берган инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов суддаги маҳкама “мутлақо махфий” тарзда ўтаётганини билдирди.
“Судланувчилар сони кўплиги, қўйилаётган айблов жиддийлиги ва унинг жамоатчилик учун муҳимлигига қарамай, яна мавҳумлик ҳукм сурмоқда”, – дея ёзди Ташанов Facebook'даги саҳифасида.
Прокуратура ва суд органлари ҳозирча бу ҳақда хабар бермади.
Комил Алламжоновга суиқасд
2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябрга ўтар кечаси Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига шикаст етмаган. Шу куни ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Эртасига, 27 октябр куни биринчи гумонланувчи ушлангани маълум қилинди. Бош прокуратура 25 ноябр кунги баёнотида қўлга олинганлар сони 7 киши эканини маълум қилди, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлади: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинган.
Ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олинди. Манбаларга кўра, бу истеъфолар Алламжоновга уюштирилган суиқасд иши доирасида ўтказилаётган текширувлар билан боғлиқ бўлган.
Декабр ойида Ўзбекистон чеченистонлик экани айтилаётган Бислан Расаев ва Шамил Темирханов исмли Россия фуқароларини Интерпол орқали халқаро қидирувга берди. Бош прокуратурага кўра, бу – Алламжоновга нисбатан суиқасд иши билан боғлиқ бўлиб, қидирувдагилар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласида айбланмоқда.
Матбуотда тарқалган тасдиқланмаган хабарларда, Расаев ва Темирхановга Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Лини ўлдириш буюртмаси берилгани, бу икки қотиллик учун буюртмачи томонидан уларга 1,5 млн доллар мукофот ваъда қилингани айтилмоқда.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 26 декабр кунги баёнотида Қибрайдаги жиноятда “чечен изи” борлигини яна бир бор рад этди, шу билан бирга, Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилиб, улар “қилмишлари” учун жавоб беришини таъкидлади. Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев бу таҳдидни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш, собиқ депутат Расул Кушербаев эса терроризм деб баҳолади. Тожиев, шунингдек. Россия Бош прокуратурасидан Чеченистон раҳбарининг таҳдидига ҳуқуқий баҳо беришни сўради, Қодировдан эса Ўзбекистон халқи олдида узр сўрашни талаб қилди.
Мавзуга оид
00:30 / 04.01.2025
“Қонунлар билан адолатли иш юритилса, ҳар томонлама яхши бўларди” – Апелляция суди қандай ўтди?
17:44 / 03.01.2025
Ғайрат Дўстов устидан апелляция судида унинг тоби қочгани сабаб танаффус эълон қилинди
13:06 / 30.12.2024
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди собиқ раиси ўзига қарши суддан яширинди. У сиртдан қамоққа олиниб, қидирувга берилди
11:42 / 29.12.2024