Жамият | 09:00 / 02.09.2025
7032
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда мактаб таъмири учун ўқитувчилар ишлатилгани айтилмоқда

Ҳолат Ховос туманидаги 9-мактабда бўлган. Kun.uzʼга мурожаат қилган математика ўқитувчисига кўра, мактабнинг капитал таъмири якунланмагани сабаб аксарият ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Ваҳоланки, бу вақтда Бандлик вазирлиги барча мактаб ва боғчаларда бунга қарши назорат тадбирларини ўтказаётганди, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов эса мажбурий меҳнатга жалб қилганлар ишдан олиниши кераклигини гапириб чиққанди.

Фото: Видеодан кадр

Kun.uzʼга Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги 9-мактабдан мурожаат келиб тушди. Қайд этилишича, мактаб биноси 2025-2026 ўқув йили бошланиши олдидан капитал таъмирга тушган. Шу боис аксарият педагоглар таъмири якунланмаган муассасада мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилмоқда.

“Мен 11 август куни меҳнат таътилидан ишга қайтган эдим. 31 августга қадар мактаб директори томонидан капитал таъмири тугалланмаган мактабга ишга чақирилдим. Иш вақтида ўқитувчига хос бўлмаган мажбурий меҳнатга жалб қилиндим.

Тўғри, бу иш хато эканини ҳам билар эдим, мен бу ишни қилмаслигим ҳам мумкин эди ва ҳаттоки таъмири тугалланмаган мактабга бормаслигим ҳам керак эди. Лекин мактабимиз директори “ҳар куни йўқлама қилинади ва ишга келмаган ходимларга иш ҳақи ёзилмайди” деб ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилди”, – дейди шу мактабнинг математика ўқитувчиси жўнатган шикоятида.

Таҳририят мурожаат ботига келиб тушган ва 27 август санасида олингани айтилган видеоларда ҳам педагоглар ер чопиш, дарахт оқлаш каби ишларни бажараётгани кўринади.

Қолаверса, сайт ихтиёрига 9-мактаб директори гапиргани иддао қилинган 39 секундлик аудио ҳам юборилди. Унда ўқитувчилар мактаб тозаланишига чақирилган.

“Соат 9 дан ўтяпти, иш жойларингга телефон қилиб чақиряпман. Ҳазиллашяпсанларми, ё ўйин қиляпсанларми, ё бир-биримизни тушунмаяпмизми, иш жойларингга мен телефон қилиб чақиришим керакми?

Келиб билиб-билиб ишларингни қилинглар, иш жойларингни тозаланглар. Бемалол келасанлар-да, кейин кетасанлар. Ишларинг меникидан кўп, мактабнинг ишини тугатайлик. Шахсий ишларингизни таътилда қиласизлар”, – дейилган аудиода.

Айни вазият юзасидан Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров жўнатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ҳамда Самарқанд вилоятидаги мактабларда ҳам шундай вазиятлар юз бергани ортидан 15 августдан бошлаб Бандлик вазирлиги республика бўйича мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида “Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги”ни эълон қилганди. Аммо Меҳнат инспекцияси ҳафталик якунларини ҳали очиқламади.

Август охирида эса Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва мажбурий обуна масалаларига кескин муносабат билдириб, буни буюрган директор ҳам, унга чиққан ўқитувчи ҳам ишдан олиниши кераклигини гапирганди.

Мавзуга оид