Ўзбекистон | 21:52 / 22.09.2025
5335
5 дақиқада ўқилади

Автомобил импортида янгилик ва оммавий плоггинг эко-акцияси – маҳаллий дайжест

Ўзбекистонга импорт қилинадиган машиналарни экологик сертификатлаш бекор қилинади. Ўзбекистонлик спортчи 24 йилдан кейин юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида олтин медал олди. Хизматлар нархи сезиларли қимматлагани маълум бўлди. Тадбиркор танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Бутунжаҳон тозалик кунида оммавий плоггинг эко-акцияси ўтказилди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонга импорт қилинадиган машиналарни экологик сертификатлаш бекор қилинади

«Республикада ғилдиракли транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистонга олиб кириладиган M (йўловчи ташиш учун мўлжалланган енгил автомобиллар ва автобуслар) ва N (юк ташиш учун мўлжалланган автомобиллар) тоифасидаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш бекор қилинади.

Ушбу тоифалардаги ғилдиракли транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлиги умумий техник регламент талаблари асосида баҳоланади.

Электр двигателлар билан жиҳозланган ғилдиракли транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлиги баҳоланмайди.

Ўзбекистон 24 йилдан кейин юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида олтин медал олди

Хорватиянинг Загреб шаҳрида ўтаётган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Айтжан Халмаханов олтин медални қўлга киритди.

-63 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Халмаханов ҳал қилувчи беллашувда жанубий кореялик Чунг Хан-Жэни мағлуб этди.

Бу сўнгги 24 йил ичида юнон-рум кураши бўйича дунё биринчилигида ўзбекистонлик атлетларнинг қўлга киритган дастлабки олтин медали бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақада 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини жамғаришга эришди.

Хизматлар нархи сезиларли қимматлагани маълум бўлди

Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида ҳайдовчилик курслари нархи рекорд даражада (71,3 фоиз) қимматлади. Бу даврда асосан хизматлар – давлат боғчаларидан тортиб, коммунал хизматлар, ҳаво транспорти нархлари сезиларли ошди. Юқори инфляцияли элементлар ҳам шу гуруҳга оид – 48 фоиз.

Жумладан, ҳайдовчилик курслари нархи 71,3 фоизга ошди. Шунингдек, ички йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 59,5 фоизга, тармоқ газ 39,2 фоизга, совуқ сув 34,1 фоизга, чиқинди ташиш 23,9 фоизга, давлат боғчалари хизматлари 21 фоизга қимматлади.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган; 2023 йилда пасайиб, 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йил август ҳолатида яна 8,8 фоизга тушган.

Ҳисобот даврида озиқ-овқатлар таркибида сабзи (69,1 фоиз) карам (46,5 фоиз) ва пиёз (40,1 фоиз) нархи энг тез ўсган маҳсулот бўлди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи бироз пасайган. Хусусан, пропан -6,1 фоизга, қоғоз А4 -4,6 фоизга, ошхона техникаси -3,3 фоизга арзонлаган.

Тадбиркор танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди

Қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида фикр билдирган тадбиркор Усмонжон Абдусаматовга нисбатан босим бўлаётгани тўғрисида тарқалган ҳабарлар бўйича ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди.

«Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланади. Ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланган», дейилади хабарда.

Аввалроқ, тадбиркор Усмонжон Абдусаматов Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий «харажатлар» ҳақида гапирганди. Шундан сўнг Қурилиш вазирлиги унинг устидан ИИВга шикоят қилди.

Бизнес-омбудсман барча давлат органларини тадбиркорларнинг фикрларини тинглаш ва бизнес юритишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этиш бўйича конструктив ечимларни биргаликда излашга чақирди.

Бутунжаҳон тозалик кунида оммавий плоггинг эко-акцияси ўтказилди

Республиканинг барча ҳудудларида 20 сентябр — World Cleanup Day («Бутунжаҳон тозалик куни») муносабати билан «Ҳаёт учун жой ажратинг» шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ўтказилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказилган халқаро акция давомида ҳудудлар жами 55,7 тонна чиқиндидан тозаланди.

Акция давомида вазирлик ва агентлик мутасаддилари, секторлар масъуллари, Тошкент вилояти ва шаҳри бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлар вакиллари, ёшлар, эко-фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент денгизи соҳилидаги белгиланган ҳудудни чиқиндилардан тозалади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид