Ўзбекистон | 21:00 / 02.10.2025
5865
3 дақиқада ўқилади

Қуриган миллионлаб кўчат ва одамларни алдаган турфирма – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Баҳорда экилган кўчатларнинг 27,5 миллионтаси қуриб қолди

Ўзбекистон бўйлаб «Яшил макон» дастури доирасида баҳорда экилган 137 миллионта кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолган. Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябр кунги йиғилишда бу ҳолатни танқид қилгани маълум бўлди.

Масъуллар буни баҳор ва ёз ўртасида иссиқ кунлар тез келиб қолиши, оқибатда кўчатлар унишга улгурмагани билан изоҳламоқда. Шу муносабат билан дарахтни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Тошкентда транспорт воситалари экологик текширувдан ўтказилмоқда

10 сентябрда бошланган «Тоза ҳаво» ойлиги тадбирида мунтазам ЙПХ масканларида, кўчаларда ҳамда автокорхоналарга кириш-чиқиш жойларида фойдаланишда бўлган 26 900 та автотранспорт воситалари текширувдан ўтказилди.

Текширув давомида Тошкент шаҳрида 367 та транспорт воситаси атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётганлиги аниқланди. Ишлатилган газларда ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларининг белгиланган нормаларини қўпол равишда бузган автотранспорт ҳайдовчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра тегишли чоралар кўрилган. Тадбир 10 октябргача давом этади.

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари очилади

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилади.

Ҳужжат билан 2025 йилда очиш режалаштирилаётган филиаллар рўйхати, шунингдек 2026–2027 йилларда қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилаётган филиаллар рўйхати тасдиқланди.

Филиалларга қабул 7-синфдан бошланади, бунда бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда, қабул параметрлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан белгиланади.

Бир ойда табиатга 46,7 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди

Ўзбекистонда сентябр ойида табиатга 46,7 миллиард сўмлик зарар етказилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Ой давомида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш (39 та), дарахт кесиш (36 та), балиқ овлаш (15 та), қуролни ноқонуний сақлаш ва ов қилиш (6 та), экологияни ифлослантириш (20 та) каби ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Тошкентда сайёҳлик фирмаси одамларни чув туширди

«Lastochka Planeta» МЧЖ чет элга саёҳатга жўнатиш ваъдаси билан ўнлаб одамларни алдагани маълум бўлди. «Drujba Travel» номи остида фаолият юритган турагентдан жабрланган фуқаролар саёҳатга юборилмагани, тўланган пуллар ҳам қайтариб берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

«Drujba Travel» фаолияти ижтимоий тармоқларда таниқли блогер ва санъат соҳаси вакиллари томонидан реклама қилинган. Мурожаатчилар ана шу рекламаларга ишониб борганини таъкидламоқда.

Kun.uz журналисти «Drujba Travel» офислари ёпиқлиги, иш фаолияти тўхтатилгани, телефон рақамлари ишламаётганини аниқлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид