Чет элга саёҳат қилиш мақсадида “Lastochka Planeta” МЧЖга (“Drujba Travel”) тўлов қилган ўнлаб фуқаролар алданди: фирма мансабдорлари на пулни қайтарган, на саёҳатни ташкиллаштириб берган. Алданганлар орасида саёҳат учун 15 минг доллардан ортиқ пул тўлаганлар ҳам бор. Пулини қайтариб беришни сўраганлар ҳатто таҳдидга учраганини, фирма вакиллари “кўча болаларини олиб келиб босим қилганини” айтмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Lastochka Planeta” МЧЖ чет элга саёҳатга жўнатиш ваъдаси билан ўнлаб одамларни алдади. “Drujba Travel” номи остида фаолият юритган турагентдан жабрланган фуқаролар Kun.uz’га мурожаат қилди. Улар саёҳат учун тўлаган пуллари қайтариб берилмаётганини айтмоқда.

Мурожаатчилардан бирига кўра, у Шарм аш-шайхга 22 киши саёҳатга бориши учун “Drujba Travel”га 15 700 доллар тўлаган. Бироқ фирма ходимлари турли баҳоналар билан уларни саёҳатга юбормай, алдаб келган.

18 июл куни “Drujba Travel” турфирмаси ходими Нигора Азизовага 22 кишига Шарм аш-шайхга тур қилиб бериши учун 15 700 доллар бердик. Шундан кейин туримизни қилиб бергани йўқ. Мана, 2 ой бўлибдики қўнғироқларимизга ҳам жавоб бермайди. 19 август куни Шарм аш-шайхга учишимиз керак эди, учмадик. Телефонимизни кўтармасдан қочиб юрибди. Пулимизни қайтариб бер десак, қайтариб бермаяпти. Биринчи 7 300 долларни берганман, кейин 4 200 доллардан 2 марта тўлов қилганмиз. Нигора Азизовага шахсан ўзим қўлим билан берганман”, дейди фуқаро Саидамир Асқархўжаев.

“Drujba Travel”га алданиб қолган фуқароларнинг айримлари дўстлари, баъзилари оила аъзолари, ота-онаси ва фарзандлари билан саёҳатга бормоқчи бўлган. Аммо бу орзу-ҳавас ва хурсандчилик узоққа чўзилмаган.

“Drujba Travel”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаол равишда юритилган. Ҳатто фирма ўз хизматларини таниқли блогер ва санъат соҳаси вакилларига ҳам реклама қилдирган. “Биз ана шу рекламаларга ишониб боргандик”, демоқда мурожаатчилар.

Август ойининг бошида 8 киши Шарм аш-шайхга оилавий бормоқчи бўлдик. Ижтимоий тармоқларда “Drujba Travel”нинг рекламасини кўриб, 12 августда Яккасаройдаги филиалига бордик. У ерда оператор Севинч Носирова бизга тур пакет таклиф қилди. Ўша тур пакет бўйича биз 8200 долларга шартнома имзоладик. Аванс сифатида 5 000 доллар бердик. Кейин 3 сентябр куни қолган суммани бериш учун Шайхонтоҳурдаги филиалига бориб, директор Нигора Азизовага 3 200 доллар бердик. 7 сентябр куни учишимиз керак эди, лекин 6 сентябр куни ҳам бизга билет билан воучер тақдим қилишмади. 6 сентябр куни филиалга борганимизда оператор қиз Севинчнинг ўзи ўтирганди. Соат тунги 1:00 гача кутдик, на директор алоқага чиқди, на оператор бизга ваучер тақдим қилди”,