Жаҳон | 17:48 / 24.11.2025
6372
4 дақиқада ўқилади

Япония Тайван бўйича баёнотлари билан «қизил чизиқдан ўтди» – Хитой

«Япония раҳбарлари айтмаслиги керак бўлган гапларни айтгани ва тегилмаслиги лозим бўлган қизил чизиқдан ўтгани ҳайратланарли», деб ёзди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И. Аввалроқ Япония янги бош вазири Санаэ Такаичи Тайван атрофида денгиз блокадаси — эҳтимолий ҳарбий аралашувга олиб келишини айтганди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И / Фото: Reuters

Япония расмийларининг Тайван бўйича эҳтимолий ҳарбий аралашув ҳақида гапирган гаплари Хитой томонидан «қизил чизиқдан ўтиш» дея баҳоланмоқда. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И томонидан якшанба куни эълон қилинган баёнотда сўз боради.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи 7 ноябр куни «Хитойнинг Тайван атрофида денгиз блокадаси ёки бошқа ҳаракатлари Япония томонидан ҳарбий жавоб учун асос бўлиши мумкинлиги»ни айтган эди. Ван И бу изоҳлар «шок ҳолатини келтириб чиқарганини» айтди.

«Япония ҳозирги раҳбарларининг Тайван масаласига ҳарбий аралашувга уриниш ҳақидаги нотўғри сигнални очиқчасига юборгани, айтмаслиги керак бўлган гапларни айтгани ва тегилмаслиги лозим бўлган қизил чизиқдан ўтгани ҳайратланарли», дея Хитой бош дипломатининг сўзларини келтирмоқда Associated Pres.

Бу баёнот – кескинликка ҳозиргача энг юқори мартабали Хитой расмийси томонидан билдирилган муносабат бўлди. Ван Хитой «қатъий жавоб бериши» кераклигини, барча давлатлар эса «япон милитаризмининг қайта тикланишига йўл қўймаслик учун масъул» эканини қўшимча қилди.

Япония ва Хитой кескинлиги

Ўтган ойда Япония ҳукуматига келган Такаичининг позицияси аввалги бош вазирларга қараганда анча кескин кўринмоқда. Олдинги раҳбарлар Хитойнинг Тайванга таҳдиди борасида хавотир билдирган бўлса-да, Япония қандай жавоб бериши ҳақида очиқ гапирмаган эди.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи / Фото: Bloomberg

Такаичининг баёнотлари сўнгги бир неча ҳафта ичида икки давлат ўртасидаги кескинликни оширди. Расмий Пекин БМТ бош котиби Антониу Гутерришга бу масалада хат юбориб, Такаичининг «халқаро ҳуқуқ ва дипломатик меъёрларни қўпол бузганини» танқид қилди.

«Агар Япония – Тайван бўғози бўйича вазиятга қуролли аралашувга журъат қилса, бу тажовуз ҳаракати бўлади», деб ёзди Хитойнинг БМТдаги элчиси Фу Цунг. Шунингдек, элчи, Хитой халқаро ҳуқуққа мувофиқ «суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишини» билдирган.

Пекин – ўзини ўзи бошқараётган Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва зарур бўлса куч билан қўшиб олишга тайёр. Бошқа давлатларнинг, айниқса оролнинг асосий қурол етказиб берувчиси бўлган АҚШ, шунингдек, Япония ва Филиппин давлатларининг Тайван билан шуғулланишига Хитой кескин қарши чиқиб келади.

Санаэ Такаичининг Тайвандан бошқа даъволари ҳам хитойликларни ташвишга солмоқда. Хусусан, у 1967 йилда қабул қилинган, ядро қуролига эга бўлмасликка доир давлат сиёсатининг учта тамойилини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Унга кўра, бош вазир мамлакатга ядро қуролини олиб киришни тақиқлашдан воз кечишни таклиф қилган.

Хитой томони Япониядан бу позициядан воз кечишни талаб қилмоқда. Шунингдек, Хитой ҳукумати ўз фуқароларига Японияга сафарлардан воз кечишни тавсия этди. Бу Токионинг туризм даромадларига кескин таъсир қилиши мумкин.

Бу кескинликлар – Хитой қирғоқни қўриқлаш хизмати кемалари Япония назоратида бўлган сув ҳудудларига, Хитой самолётларининг Тайван ҳаво ҳудудига киришига олиб келди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид