«Барселона» «Бетис»ни енгиб, Ла Лиганинг биринчи ўрнига қайтди

Спорт 01 Май 2016 13494

Испания чемпионатининг 36-тури доирасида «Барселона» «Бетис» майдонига сафар қилди. Мураккаб кечган ўйинда каталонияликлар 3 очкони қўлга киритишди. 

Биринчи бўлимда андалусияликлар яхши ҳимояланишди. «Барселона»нинг ўзи ҳам рақиб дарвозаси томон жиддий босим уюштира олмади. Дастлабки 45 дақиқа кўплаб сариқ карточкалар ва четлатиш билан ёдда қолди. Хайко Вестерманн дастлаб Мессини қўли билан торгани учун, орадан 8 дақиқа ўтиб ўзидан ўтиб, хавфли вазиятга чиқаётган Ракитични йиқитгани учун майдондан четлатилди. 

Иккинчи бўлим бошида Энрике шогирдларининг босими 5 дақиқа ичида самара берди. Ўйингача интервью берган «Бетис» дарвозабони Антонио Адан, ўзи «Реал» тарбияланувчиси бўлгани боис "Қироллик клуби"нинг чемпионлиги йўлида «Барселона»ни очкодан маҳрум қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқчи эканини айтганди. Аммо у буни уддалай олмади. Мессининг узатмасидан кейин марказий ҳимоячи ва дарвозабон қўпол хатога йўл қўйишди ва Иван Ракитич бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

Ўйиннинг 81-дақиқасида Месси ажойиб пас орқали Суаресни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди ва уругвайлик футболчи ўз имкониятини йўққа чиқармади. 

Ушбу ғалабадан кейин «Барселона» яна пешқадамлик ўрнига қайтди. Чемпионат тугашига 2та тур қолди.

Ла лига, 36-тур
Бетис – Барселона 0:2 (0:0, 0:2)
Голлар: 0:1 – 50 Ракитич, 0:2 – 81 Суарес. 
Бетис – Адан, Пеццелья, Монтойя, Бруно Гонсалес, Вестерманн, Петрос, Ндиайе, Санчес (Мусонда, 55), Сехудо, Себальос (Портильо, 69), Рубен Кастро (ван Вольфсвинкел, 79).
Барселона – Браво (тер Стеген, 88), Пике, Альба, Дани Алвес (Серджи Роберто, 74), Бускетс, Ракитич (Туран, 86), Маскерано, Иньеста, Неймар, Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Бруно Гонсалес (21), Месси (23), Пике (23), Вестерманн (28), Петрос (34), Дани Алвес (45), Себальос (67).
Четлатиш: Вестерманн (35).

 

Кўпроқ янгиликлар