Индонезия спорт вазири Имом Наҳравий португалиялик мутахассис Жозе Моуриньони футбол бўйича мамлакат миллий терма жамоасига бош мураббийлик учун таклиф этмоқчи. Бу ҳақда Goal.com нашри хабар тарқатган.

FourFourTwo маълумотига кўра эса, Моуриньо таклифни қабул қилмаган тақдирда айни вақтда «нафақахўрлар» жамоасида Моуриньо ўрнига мавсум охиригача ишлаб турган Гуус Ҳиддинк муқобил вариант сифатида кўрилмоқда.

«Бу вариант федерация президенти Жоко Видодо ва Индонезия Олимпия қўмитаси раҳбари Эрик Тоҳир билан муҳокама қилинди. Бу осон бўлмаслиги аниқ.

Терма жамоамизда хориждан мутахассис бўлиши ва унга маҳаллий мураббийлар ёрдам бериши керак. Футболчиларга жанговар руҳни қайтариш жуда муҳим. 

Мен Тоҳир билан гаплашганимда Моуриньонинг иш ҳақи қанча бўлиши мумкинлигини сўрадим, унинг айтишича, мураббий иши учун йилига тахминан 18,7 миллион доллар олишини айтди», – дейди Наҳрави.

Аввалроқ Сурия футбол федерацияси томонидан Жозе Моуриньога Сурия термасини бошқариш таклифи келиб тушган эди. Мураббий эса ушбу таклифни рад этганди.

2015 йилнинг декабрида «Челси» бош мураббийлигидан қониқарсиз натижалар туфайли ишдан кетган Моуриньо ўтган вақт ичида ишсиз қолмоқда. Инглиз нашрлари унинг ёзда «МЮ»да Луи ван Гаал ўрнига иш бошлаши ҳақида хабарлар тарқатиб келади.

Қайд этиш керакки, Индонезия айни вақтда ФИФА рейтингида 185-ўринни эгаллаб турибди. 2015 йилда Ижроия қўмитаси Индонезия футбол ассоциациясининг ташкилотдаги фаолиятини тўхтатди. Бунга федерация ва Индонезия спорт вазирлиги ўртасида юзага келган зиддият сабаб бўлган.

Индонезия терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати ва 2019 йилги Осиё Кубоги мусобақалари учун саралаш ўйинларидан четлаштирилган. 2016 йилнинг февралида ФИФА қўмита қарорини маъқуллаган.