26-28 май кунлари Бухоро шаҳрида анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалнинг ёпилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Муҳиддин Эсанов ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Пилхо Паклар ХV анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивалининг юксак савияда ўтказилишига ҳисса қўшган халқаро ташкилотлар, олимлар, ҳунармандлар, санъаткорларга, кўнгилли сифатида хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатган ёшларга миннатдорчилик изҳор этишди.

Фестивалда фаол иштирок этиб, ғолиб деб топилган хорижий ҳамда республикамиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳунармандларига ғолиблик сертификатлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига шоир Шодмон Сулаймон сценарийси асосида режиссёр Рауф Авезов ҳамда режиссёр ёрдамчиси Ҳотамжон Ахунов томонидан улуғ шоир Алишер Навоийнинг "Лисон ут-тайр” достони асосида театрлаштирилган дастури, "Буюк Ипак йўли” композицияси намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилги фестивални Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Андижон сингари ўнта вилоят аҳолиси ўрнатилган улкан мониторлар орқали тўғридан тўғри кузатиб, фестиваль шукуҳини ҳис этишди.

Бухорода Ипак ва зираворлар фестивали очилди