ИШИДга қарши қўшма амалиётлар штаби расмийси генерал Яҳё Расул аз-Зубайдийнинг маълум қилишича, жангарилар Ироқдаги ҳарбий базаларда эгаллаб олган ҳарбий техникаларини Сурия ҳукумати томонидан қамал қилинаётган Раққа шаҳри мудофаасини мустаҳкамлаш учун жўнатган.

"ИШИД томонида Ироқда қўлга киритилган ҳарбий техникаларнинг катта қисми ҳаво зарбалари воситасида йўқ қилинган, қолган қисми эса Сурияга, Раққа шаҳрини Сурия армиясидан ҳимоя қилиш учун йўналтирилган", дея генералнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Ироқ ҳарбийлари ва шиалардан таркиб топган бўлинмалар ўтган ҳафтада Ал-Фаллужани озод этиш учун юриш бошлади. Ўтган вақт ичида ИШИДнинг бу шаҳардаги қисмлари қўмондонларидан бири Ҳожи Ҳамза ўлдирилди.

Бу вақтда Сурия армияси ИШИД пойтахти саналадиган Раққага ҳужум қилмоқда.