Қоҳирадан Пекинга йўловчи рейсини амалга ошириш чоғида Урганчга қўнган EgyptAir авиакомпанияси самолёти бортидан портловчи ускуна топилмагач, самолёт учиб кетган ва айни вақтда Урганч шаҳри аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш ишлари одатдаги тартибда давом этмоқда. Бу ҳақда РИА Новости аэропортдаги манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

"Маҳаллий вақт билан соат 13:15да ва 13:20да Тошкентдан Урганчга 2та рейс бўйича самолётлар учиб келди. Бу самолётлар 7:00 ва 8:00да келиши белгиланган, аммо EgyptAir самолёти туфайли аэропорт вақтинчаликка ёпилгач, режаша ўзгариш киритилганди. Айни вақтда Урганч аэропорти очиқ", деган манба.

Маълум қилинишича, мисрликлар самолёти изчил текширувдан ўтказилган ва унинг бортидан портловчи ускуна топилмаган. Қўнганидан тўрт соат ўтиб, лайнер Урганчдан Хитой пойтахтига учиб кетган.

Аввалроқ Ўзбекистон авиация расмийлари бортида портловчи ускуна мавжудлиги эҳтимоли муносабати билан EgyptAir самолётидан фавқулодда қўниш ҳақида илтимос олгани, самолёт Урганчга қўндирилгани ва унинг бортидаги 135 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.