Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг маълум қилишича, мамлакатда "рангли инқилоб" амалга ошириш учун ҳаракат кузатилди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар тарқатган.

У ҳукумат экстремистлар ва террористларга қарши кураш учун энг кескин чоралар кўришини билдирган. Назарбоев давлат бунинг учун етарлича кучга эга эканини таъкидлаган.

"Биз барчасини биламиз, "рангли инқилоблар" турли методлар воситасида, митинглар билан бошланиб, қотилликлар билан давом эттирилади ва давлат тўнтариши амалга оширишга ҳаракат қилинади. Бундай аломатлар бизнинг мамлакатимизда ҳам кузатилди", деган Назарбоев.

Бундан олдинроқ, Қозоғистонда 9 июнь куни Ақтўбе терактлари туфайли мотам сифатида эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.