Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шу ҳафтада Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашади. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилган.

"Албатта томонлар ҳали бир-бирига томон қадам ташламади. Лекин бу йўналишда ишлар кетмоқда. Хусусан, эртага Россия томони ташаббуси билан мамлакат президенти Владимир Путин ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида телефон мулоқоти ўтказилади", деган Песков.

27 июнь куни Кремлдагилар Эрдўған Путинга йўллаган мактубида Су-24 воқеаси учун узр сўрагани ҳақида айтишди.

Шунингдек, Туркия президенти Россия билан муносабатлар тез орада нормаллашишига умид қилаётганини билдириб ўтди.

Кейинроқ Туркия бош вазири Биноли Йилдирим Туркия Россияга уриб туширилган Су-24 учун товон пули тўлашга тайёрлигини айтганди.

Бугун, бироз вақт олдинроқ бу маълумот инкор этилди.