Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон яқин кунларда истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг микрофонни ўчириш ёдидан кўтарилиб, Даунинг-стрит 10 кўчасида жойлашган Британия вазирининг қароргоҳига кираверишда куй хиргойи қилган. 

Мазкур видеони ВВС мухбири Дэниел Сэнфорд ўзининг Twitter'даги саҳифасида намойиш қилди

Видеотасмада Кэмерон аввал йиғилган журналистларга "Катта раҳмат сизларга" деб миннатдорчилик билдиради, сўнг бинога қараб йўл олади. 

Бино эшиги ёнида бош вазир "ту, ту, ду, ду" дея куй хиргойи қила бошлайди ва ҳойнаҳой, журналистлар олдида қилган чиқишидан мамнун бўлиб ўзига-ўзи "Ҳа, ҳаммаси яхши" дейди. 

Май ойида ҳам шундай ҳолат рўй берган эди - Кэмерон микрофоннинг ёқиғлигини ёдидан чиқариб қўйганди. 

Ўшанда у бир қатор вазирлар ва қиролича Елизавета II'нинг ёнида "Нигерия ва Афғонистон дунёдаги порахўрлик энг юқори даражада авж олган мамлакатлар бўлса керак" деб, сиёсий жиҳатдан нотўғри фикр билдирган эди.