АҚШ давлат котиби Жон Керрининг айтишича, АҚШ Туркиядан кеча тунда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтаришга уринишнинг раҳбари деб гумон қилинаётган Фатҳулло Гуленни топиб бериш тўғрисида ҳеч қандай сўров олмаган. Бу ҳақда Reuters маълум қилган.

Люксембургда бўлиб турган Керри Туркиядаги конституцион тизимга зарар етмаслигига умид қилишини таъкидлади ва Туркия АҚШга Гулен борасида ҳеч қандай сўров юбормаганини маълум қилди.

Туркия ҳукумати тўнтариш ортида айнан Гуленнинг «параллел ҳукумати» турганини ва уни яширган мамлакат Туркияга дўст бўлмаслигини таъкидлади. Гулен эса бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини айтмоқда.