Олмаотада 18 июль куни рўй берган отишма оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етди. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган.

Қайд этилишича, жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган полициячилардан бирининг жони узилган.

Шаҳар полицияси маълумотида қайд этилишича, йўл-патрул полицияси лейтенанти Тимур Бегасилов вафот этган.
Бундан олдинроқ Олмаота терактида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 45 минг доллар ажратилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Олмаота ва Остона полициячилари бир кунлик маошларини ҳалок бўлган ҳамкасбларининг оилаларига ўтказиб берди.

Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Олмаотада номаълум шахслар Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаменти ва шаҳарнинг Алмали тумани полиция департаменти биноларига ҳужум уюштирган эди. Оқибатда 6 киши, жумладан, 4 нафар полициячи ҳалок бўлди. Саккиз киши яраланди, улардан олти нафари полиция ходимидир.