Украина Россиянинг 243 компаниясига ўз ҳудудида ташқи иқтисодий фаолият олиб боришни тақиқлади. Бу ҳақида Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) хабарида маълум қилинди

Унга кўра, бундай қарор корхоналарнинг Киев назорати остида бўлмаган Донбасс ҳудудларида жойлашган тижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши туфайли қабул қилинган. 

УХХда таъкидланишича, Россия компанияларининг аксарияти Украина билан қонун доирасида ҳамкорлик ўрнатган. Уларга нисбатан Петро Порошенконинг 2015 йилдаги фармонига мувофиқ жорий қилинган иқтисодий санкциялар қўлланилмаган.

УХХ материалларни иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигига топширди. У ердаги мутахассисларнинг хулосасига кўра, украиналик ишлаб чиқарувчилар Россия импортини тўлиқ қоплашга қодир. 

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини ижрога келтирувчи "Махсус иқтисодий ва бошқа чеклов чораларини (санкцияларини) қўллаш ҳақидаги" президент фармони 2015 йилнинг сентябрь ойида кучга кирди. Санкциялар рўйхатига 388 нафар жисмоний шахс киритилган, уларнинг орасидан Россия фуқаролари, жумладан, амалдорлар, сиёсатчилар, корхона раҳбарлари, журналистлар, шунингдек Донбассда яшовчи баъзи кишилар ўрин олган. Ўша пайтда санкциялар 105 нафар юридик шахсга нисбатан қўлланган. 

Киев ва Ғарбнинг қатор мамлакатлари Украинанинг жануби-шарқидаги можароларда Москвани айблашади. Москва эса далилларнинг йўқлигига ишора қилиб, бу айбловларни инкор этади.