15 мингга яқин волонтёр Рио-де-Жанейродаги Олимпиаданинг ташкилий ишларида иштирок этишдан бош тортишди. Бу ҳақда The Independent хабар тарқатди.

"Кўплаб волонтёрлар 2 ҳафта давомида 8-9 соатлаб ишлашди ва фақат енгил тамадди қилиш билан кифояланишди. Менимча ташкилий қўмита волонтёрлар таъминоти учун етарлича эътибор қаратмади. Улар биздан ўз чўнтакларини тўлдириш учун фойдаланишди", деган собиқ волонтёр Луис Морейра.

Айни вақтда Олимпиада ўйинларида турли давлатлардан келган 50 минг волонтёр ўрнида (80 фоизи бразилиялик, қолгани хорижликлар) 35 минг нафари қолган. ХОҚ бу ўзгариш турнирнинг қолган кунларидаги мусобақалар ўтишига таъсир кўрсатмаслигини билдирмоқда.

Бундан олдинроқ ХОҚ бразилиялик волонтёрлар вазифаларини бажаришдан бўйин товламасликларига ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Қайд этиш керакки, волонтёрларга олимпиада давомида кўрсатган ёрдамлари учун иш ҳақи тўланмайди. Уларнинг вазифаси делегациялар вакилларини қўриқлаш, спортчиларга ва мухлисларга маиший масалаларда ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Олимпиада ўйинлари 21 августгача давом этади.