КХДР ҳарбий кучлари яна 3та баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Yonhap хабар берган.

Аниқлик киритилишича, Шимолий Корея ракеталарни Япон денгизи йўналиши бўйлаб учирган. 

Батафсил маълумотлар келтирилмаган.

Август ойи охирида шимоллик корейслар учирган ракета 500 км масофадан кейин Япон денгизига қулагани маълум бўлганди.

Ундан олдинроқ, 3 август куни учирилган «Нодон» типидаги ракета Япониянинг Акита префектурасидан 250 км масофада денгизга қулаганди.

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, КХДР Ким Чен Ин бошқаруви даврида 33та баллистик ракета учирди.

Бу эса отаси ҳукмронлик қилган даврдагидан 2 баробар кўп. Ким Чен Ир КХДРни 1994 йилдан 2011 йил, ўлимига қадар бошқарган ва бу даврда мамлакатда 16та баллистик ракета учирилган.

Ким Чен Ин бошқаруви давомида эса КХДР кичик радиусда ҳаракатланувчи 16та «Скад», 1,5 минг километр радиусда ҳаракатланувчи олтита «Нодон», парвоз масофаси 4 минг километргача бўлган олтита «Мусудан» ракетаси, шунингдек, сувости кемаси бортидан учта баллистик ракета учирди.