Бэтмен ҳақидаги фильм ва сериал орқали танилган Лесли Мартинсон ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида Deadline нашри хабар берди

Мартинсоннинг оила аъзолари таъкидлашича, режиссёр 101 ёшида ўзининг Лос-Анжелесдаги уйида "табиий сабабларга кўра" ҳаёт билан видолашди. 

Режиссёр ўзининг иш фаолиятини журналист сифатида бошлаган, кейинчалик MGM кинокомпаниясида ишлай бошлаган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, у жангга отланган. Фронтдан эсон-омон қайтиб, Мартинсон режиссурага қўл уради. 

У ҳам телевидение, ҳам кинода фаолият кўрсатган. 1966 йилда у "Бэтмен" фильмини суратга олди, бундан ташқари шу номли сериални яратишда ҳам қатнашди. Мартинсоннинг бошқа ишлари қаторидан "Мэверик", "Уддалаб бўлмас топшириқ" ва "Мўъжиза-аёл" сериаллари ўрин олган.