Американинг Goldman Sachs инвестиция банки ўз топ-менежерларига Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясини молиялаштиришни тақиқлади. Лекин бундай қарор Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампаниясига нисбатан қўлланмаган.

Fortune журнали хабарига кўра, банк ходимларига пул маблағлари ажратилмайдиган шахслар қаторида Трамп номи намуна сифатида келтирилган.

«Федерал даражадаги исталган шахсга, масалан Трампга пул ажратилмасин», — дейилган банкнинг ички қарорида. Бу ҳужжатда Ҳиллари Клинтон номи айтилмаган.

Сайловнинг праймеризлар босқичида Билл ва Ҳиллари Клинтон Goldman Sachs ва UBS каби банкларнинг ходимлари учун ўқилган 39та нутқ учун жами 7,7 миллион доллар миқдорида гонорар олгани маълум қилинганди.

Умуман Клинтон хонимнинг энг йирик ҳомийси Жорж Сорос ва унинг жамғармаси — Soros Fund Management бўлмоқда. Сорос буни Трампнинг агрессивлиги билан тушунтирган.

АҚШда президентлик кампанияси бир неча усулда молиялаштирилади. Биринчидан, номзод ўз штабининг сайловолди ҳисобига ўз маблағларини ўтказиши мумкин. Шунингдек, у жисмоний шахслардан эҳсонлар қабул қилиши мумкин, лекин бу ҳолда 2,5 минг долларлик чеклов мавжуд.

Бундан ташқари, маблағ тўплаш учун сиёсий хатти-ҳаракатлар қўмиталари (Political Action Comittees, PACs) ташкил этилади. Улар жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва фирмалар қошида таъсис этилиши мумкин. Анъанавий қўмиталар битта номзодга максимал 5 минг доллар, битта партияга максимал 15 минг доллар пул ўтказиши мумкин. Аммо 2010 йилда АҚШ Олий суди жисмоний шахслар, корпорациялар ва фуқаролик бирлашмаларига номзоднинг ўзига эмас, балки унинг у ёки бу таклифларини қўллаб-қувватлашга чекланмаган миқдорда пул ажратишга рухсат берди. Бу маблағ янги типдаги PACs’га — Super PACs’га ўтказилади. Бундай ташкилотлар номзоднинг штаби билан бевосита алоқа қила олмайди, лекин номзод, ўз навбатида, бундай маблағлар нимага сарфлангани ҳақида ҳисобот беришга мажбур эмас.