Бугун Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси ўз ишини бошлайди. Сессиянинг расмий очилиш маросими БМТ қароргохида маҳаллий вақт билан 15.00да, Тошкент вақти билан 24.00да бошланади. Унинг ишида БМТга аъзо барча-193 мамлакат вакиллари иштирок этади. БМТ бош котиби Пан Ги Мун ва Бош Ассамблея 71 сессиясининг раиси, Фижи давлатининг БМТдаги доимий вакили Питер Томсоннинг сўзга чиқиши кутилмоқда. 

Ундан аввал, бир дақиқа сукут сақлаш, дуо ва фикр-мулоҳазалар билдирилган ҳолда Бош Ассамблеяси 70 сессиясининг ёпилиш тадбирлари бўлиб ўтади. 70 сессиянинг раиси Могенс Люккетофт болғачани уч марта уриш йўли билан тадбирларни якунлайди. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги бир йил давомида БМТ иштирокида халқаро ҳамжамият учун муҳим бўлган қарор ва ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, ўтган йилнинг сентябр ойида қашшоқлик, очарчилик ва касалликларга қарши кураш йўлида 2030 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган глобал тараққиёт кун тартиби тасдиқланди. Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгаришларини бартараф этиш мақсадида келишувга эришилди. 

Питер Томсон берган баёнотга қараганда, у Бош Ассамблея раиси сифатида аввалги сессия томонидан қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятларни янада ривожлантиришни ва барча мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қилишни  ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

“Биз бир-биримизга боғланганмиз. Бизни нафақат БМТ Низоми боғлаб туради. Бизни 2030 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган тараққиёт кун тартиби бир-биримизга боғлайди”,- деган эди Питер Томсон шу йилнинг июн ойида  Бош Ассамблея 71-сессияси раиси этиб сайланганидан сўнг. Питер Томсоннинг айтишича, навбатдаги сессия давомида давлатлар кун тартибидаги глобал тараққиёт режасини ҳаётга татбиқ этишни тезлаштиришлари керак бўлади. 

Томсон “71- сессия якунида биз қилинган ишлар юзасидан ҳисобот беришимиз керак. Биз тараққиёт йўлида ўз олдимизга қўйган 17та Мақсадни амалга оширишда муваффақиятларга эришишимиз лозим”, дея, кун тартибидаги вазифалар фарзандларимиз ва невараларимиз фаровонлигига хизмат қилишини эслатиб ўтди. Унинг фикрича, бу мақсадлар ҳаётга татбиқ этилмаса келажагимиз хавф остида қолиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессияси кун тартибига 170га яқин масала киритилган. Улар орасида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ирқчиликка, диний камситишларга ва терроризмга қарши кураш, Африка  мамлакатларини ривожлантириш, инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси, инсон хуқуқлари билан боғлиқ масалалар ҳам бор. Шунингдек, гиёҳванд моддалар устидан назорат, тинчликни сақловчи амалиётларни молиялаштириш, қуролсизлантириш каби масалалар ҳам кун тартибига киритилган. БМТ, жумладан Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳам давом эттирилади. 

71 сессиянинг кун тартибидаги масалалар орасида муҳожирлик билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. БМТнинг мазкур муаммо билан боғлиқ илк мунозаралар 19 сентябрда бўлиб ўтади. 20 сентябрда эса, АҚШ президенти Барак Обама раислигида муҳожирлар муаммосига бағишланган саммит бўлиб ўтади. Учрашувда мамлакатларга қочқин ва муҳожирларни қабул қилиш масаласида ўз зиммаларига янги мажбуриятларни олиш вазифаси юклатилади. Халқаро ҳамжамият вакилларининг айтишича, мазкур ҳар икки анжуман бир-бирини тўлдиради. БМТ маълумотларига қараганда, бугунги кунда жаҳонда 20 миллионга яқин қочқин ва мамлакатларнинг ўзида дарбадар юрган 40 миллионга яқин фуқаролар рўйхатга олинган.

Умумсиёсий мунозараларда 150га яқин мамлакатнинг давлат ва хукумат раҳбарлари, 30та мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда. Бир ҳафта мобайнида улар томонидан жаҳондаги бугунги вазият, инсоният олдида турган чақириқ ва таҳдидлар юзасидан фикрлар билдирилади. Бу йилги асосий мавзулар глобал иқлим ўзгаришлари, террор хавфи, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги вазиятлар ва муҳожирлар билан боғлиқ инқирозлар бўлиши аниқ.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, БМТнинг бу галги анжумани келаси йилнинг январь ойида хокимиятни топширадиган АҚШ президенти Барак Обама учун сўнггиси бўлса, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй учун биринчисидир. Бош котиб сифатида Пан Ги Мун ҳам сўнгги бор бу каби йирик анжуманда иштирок этади. Унинг ваколатлари шу йилнинг 31 декабрь куни  якунланади. Янги бош котиб октябрь ойида сайланади. 

Шарофиддин Тўлаганов.