АҚШнинг Apple корпорацияси мобиль дастурий таъминотнинг янги намунаси iOS 10 тизимини тақдим этди. Apple матбуот баённомасида хабар қилинишича, янги ДТ( дастурий таъминот) iPhone телефонлари ва iPad планшетлари учун бепул янгиланиш сифатида тармоққа жойланган.

Хусусан, дастурнинг "Хабарлар" бўлимига экранни тўлдириш хусусияти қўлланилган. Сиз, қисқа хабар ёзаётган вақтингизда айрим сўзларни белгилаб қўйишингиз мумкин. Ҳаволалар эса интернет саҳифаларнинг митти кўринишида акс этади. Бундан ташқари Tapback функцияси пайдо бўлган, у хабар, ҳавола ёки суратга тезда жавоб бериш имконини беради.
 
Siri овоз тизими одатдагидек App Store иловалари билан ишлайди. Бундан ташқари, VoIP дастурларида хабар жўнатиш, телефон қўнғироқлари қилишни қўллаб-қувватлайди. Шуниндек, унинг воситасида транспорт иловаларида буюртма бериш, тўлов дастурларида шахсий тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади. Шу билан бирга, Siri CarPlay автомобиль дастури билан яхшироқ ишлайди.

"Суратлар" бўлимида юзни аниқлаш функцияси чуқур ўрганиш технологияси ёрдамида янада аниқроқ ишлайди ва ўхшаш чеҳраларни автоматик равишда бир альбомга йиғади. Альбомнинг "Жойлар" бўлимида барча суратлар, видеолар ва Live Photos харитада кўрсатилади. 

Янги iOS дастурида пайдо бўлган муҳим жиҳатлардан бири, унда "Уй" иловасининг пайдо бўлганидир. Унинг воситасида HomeKit дастурини қўллайдиган уй жиҳозларини бошқариш мумкин.

Яна бир янгиликлардан бири шундан иборатки, энди экран iPhone телефонини қўлга олиш билан автоматик равишда очилади. 3D Touch функциясини қўллаб-қувватлаш тизими ҳам кучайтирилган.