Бугун, 29 сентябрь куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида бешинчи Халқаро гуманитар форум ўз ишини бошлайди. Сиёсат, фан ва маданият арбоблари глобал миқёсдаги масалаларни муҳокама этишади. 

Айтиш жоизки, ушбу форум 2010 йилда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва ўша вақтдаги Россия давлат раҳбари Дмитрий Медведев томонидан ташкил этилган эди. Форум йилда бир марта Озарбойжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтади. 

Боку Халқаро гуманитар форуми – жаҳон ҳамжамиятида кўзга кўринган сиёсат, фан ва маданият, хусусан таниқли давлат арбоблари, турли соҳаларда Нобель мукофоти совриндорлари, обрўли халқаро ташкилотлар раҳбарлари йилда бир марта тўпланадиган йирик анжумандир. Бу ерда бутун инсоният манфаатларини акс эттирувчи кенг қамровли масалалар юзасидан мулоқотлар ва мунозаралар ўтказилади. 

Табиий, ижтимоий ва гуманитар фанлар, шунингдек маданият соҳа намояндалари форум ташкилотчи ва иштирокчиларидир. Форумга амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, йирик трансмиллий корпорациялар асосчилари ҳам таклиф этилади. Инсониятнинг барча соҳалари вакиллари бир жойда тўпланиб, бутун инсониятни ташвишга солаётган жиддий муаммолар юзасидан оптимал ечимга келишади. 

Бешинчи Боку Халқаро гуманитар форуми тобора глобаллашиб бораётган дунё ҳақиқатларини эътиборга олган ҳолда, XXI асрнинг гуманитар муаммолари, истиқболлари ва чақириқларини муҳокама этади. 

Мазкур форум доирасида қуйидаги йўналишларда давра суҳбатлари ташкил этилади: "Мультимаданиятларнинг турли моделлари: назариядан инсоний амалиётга", "Одамларнинг оммавий аралашуви жараёнида инсон сармоясини сақлаб қолиш барқарор тараққиёт асоси", "Ахборот даврида журналистиканинг ўзгариши ва унинг цивилизациялараро мулоқотни таъминлашдаги ўрни", "Барқарор тараққиёт ва экологик цивилизация", "Молекуляр биология, биофизика, биотехнология ва замонавий тиббиёт кадрларини тайёрлаш: инновацион ва аҳлоқий муаммолар", "Технологиялар ўхшашлиги ва келажак башорати: XXI асрнинг асосий чақириқлари" каби мавзулар шулар жумласидандир.

Умуман, форумдан кўзланган мақсад давра суҳбатлари кўринишида мулоқотларни ташкил этишдир. Бу, оддий фуқародан давлат раҳбаригача бўлган ҳар бир инсонни ташвишга солаётган мавзуларни тилга олиш учун ўзига хос минбардир. 

Форумнинг вазифаси эса, амалий баҳс ва мунозаралар, ғоялар, назарий ва амалий билимларни алмашиш майдончасини шакллантиришдир. Унинг натижаси халқаро ташкилотлар, мамлакатлар етакчилари ва ҳар бир инсонга қаратилган тавсия ва таклифларда акс этади.