КХДР баллистик ракеталарини уриб тушириш мақсадида юқори технологияли THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизими Жанубий Кореянинг шарқий Кенсанпукто вилояти Сонжу туманидаги гольф майдонларидан бирига ўрнатилади, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги ҳарбий манбаларга таянган ҳолда. 

Аввалроқ, THAAD тизимини 2017 йил охиригача "Сонсан" ҳарбий зенит базасида жойлаштириш режалаштирилган эди. Бироқ, ҳукумат ва аҳоли радиолокация тўлқинларининг одамлар саломатлигига зараридан хавотир билдиришгач, бу қарор ўзгартирилди. 

Шундай қилиб, унга топилган янги жой Сонжу маъмурий марказидан 18 км шимолда бўлиб, денгиз сатҳидан 680 метр баландликда, "Сонсан" зенит-ракета базасидан 300 метр юқорида жойлашган гольф майдонидир. Бундан ташқари, у тураржой биноларидан ўралган. 

Шу йилнинг июль ойида АҚШ ва Жанубий Корея THAAD тизимини Корея ярим оролида жойлаштиришга келишиб олган эди. Расмий Сеул маъмуриятига кўра, бу Шимолий Корея баллистик ракеталарини тутиш учун зарурдир.