Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 3-саралаш босқичида ғалабали одимини давом эттирса, яна бир мураббий ишдан олиниши мумкин.

Айни вақтда Корея матбуоти терма жамоанинг ишончсиз ўйинларидан дарғазаб ҳолатда.

Жанубий Корея саралашнинг охирги босқичи, 4-турида Эронга ютқазгач, гуруҳда учинчи ўринга тушиб қолди. 

E-Daily нашри шундай сўзлар билан танқидлар ёмғирини бошлаб берган: “Бизнинг Россияга боришимиз жаҳлни чиқарар даражага етди. Ҳали ЖЧ саралашининг ярмига ҳам етмасдан бош оғритиб ҳисоб-китоб қиладиган ҳолатдамиз”.

Агар 15 ноябрь куни Сеулда ўзбекларга енгилсак – орадаги очколар фарқи 5тага етади ва биз ЖЧ билан деярли хайрлашамиз. 2017 йилги 5 ўйинимиздан 3таси сафарда ўтади. Ўзбекистонга қарши ўйинда натижа қониқарли бўлмаса, бош мураббий Ули Штилике истеъфога чиқарилиш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Футбол Ассоцияциямиз ҳам вазиятни ўнглаш учун “қўлда пичоқ ушлаб турибди”. Бизни хотиржам қиладигани шуки, шу вақтгача Ўзбекистонга қарши ўйинларда доимо зафар қучганмиз. Лекин 9 очко жамғарган ўзбекларни менсимаслик ҳам яхши эмас. Терма жамоамиз 7 ноябрь куни йиғилиб, 10 ноябрь куни Канадага қарши ўртоқлик ўйини орқали Ўзбекистонга қарши тайёргарлик кўради. Хуллас, корейс футболининг товонига чўғ қадалиб турибди”, дея нашр сўзларини келтирган stadion.uz нашрининг Жанубий Кореядаги мухбири Отабек Йўлдошев. 

Herald нашри эса ўз мақоласига “Ули Штилике, Ўзбекистонга ютқазсанг тамом!”, дея сарлавҳа қўйган.

Sports Choson нашри алам билан шундай ёзмоқда: “Россияга кетиш йўлида булутлар остида қолдик. Бошқа ағанашга ҳаққимиз йўқ. Терма жамоанинг ўйини фақатгина Эронга қарши эмас – Хитой, Қатар ва Сурияга қарши ўйинларда ҳам чиқмаганлиги аниқ равшан. Қисқаси, терма жамоа жар ёқасига келди. Шундай ҳолатда рақиб Ўзбекистон! 15 ноябрь куни 2-ўрин учун қаттиқ жанг бўлиши аниқ”.

Шунингдек, Daily Sports, Joy News каби нашрлар ҳам корейсларнинг германиялик мураббийини аямай танқид қилмоқда. Деярли барча нашрлар бош мураббийнинг вазиятни ўнглай олишига ишонқирамай қарамоқда.

Қолаверса, жамоа ичида муҳит кўнгилдагидек эмас. Гап шундаки, мураббий Эронга қарши мағлубиятли ўйиндан кейин терма жамоа футболчиларини камситувчи сўзлар айтишдан тийила олмаган. Хусусан у шундай деган: “Афсус, сафимизда Себастьян Сориядек ҳужумчи йўқ-да”.

Терма жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири Ким Шин Ук мураббий билан алоҳида гаплашиб олингани, энди фақат олдиндаги ўйинда ғалаба қозонишни ўйлаш кераклигини таъкидлаган.

“Албатта, бош мураббийнинг бу гапларидан ҳайрон қолган эдик. Шундан сўнг у билан алоҳида суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритиб олдик. Айниқса, хорижда тўп сурадиган жамоадошларим мураббийимизнинг гапларидан қаттиқ ранжишди. Аммо ҳозир ҳаммаси жойида. Биз ҳаммамиз бир жамоа бўлиб, Ўзбекистонни мағлуб этиш устида бош қотиряпмиз”, деган футболчи.

Агар бу истеъфо рўй берса, Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашида учинчи мураббий истеъфосига сабаб бўлган ҳисобланади.

Бунгача Доҳада Қатар миллий терма жамоаси мағлуб этилганидан кейин Хосе Даниэл Карренога чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилганди. Тошкентда Хитой дарвозасига иккита гол урилганидан кейин эса Гао Хунбо стадионнинг ўзидаёқ истеъфо берди.