Хитой «Шэньчжоу-11» кемасини 17 октябрь куни учиради. Reuters хабарига кўра, хитойлик икки космонавт Хитой Халқ Республикаси учун рекорд даражадаги вақт — 30 кун давомида коинотда бўлади.

Хитойнинг Учувчили космик парвозлар дастури вакили У Пиннинг маълумотига кўра, шу орқали мамлакат 2022 йилгача космосда инсон яшашини таъминловчи станцияси барпо этилиши бўйича режасида навбатдаги қадамни ташлайди. Дастур вакилининг айтишича, «барча тайёргарлик жараёнлари ўтиб бўлган».

Long March-2 °F («Чанчжэн-2Эф») элтувчи ракетасининг парвози 17 октябрь куни маҳаллий вақт билан 07:30 (Тошкент вақти билан 04:30) га белгиланган. У шимоли-ғарбий Ганьсу провинциясидаги Цзюцюань космодромидан учирилади. Айни пайтда техник хизматлар элтувчи ракетага ёқилғи қуйиш ишларига киришган. Кема бортида космонавтлар Цзин Хайпэн ва Чэнь Дун бўлади. 50 ёшли экипаж командири Цзин Хайпэн учун бу коинотга учинчи парвоз ҳисобланади.

«Шэньчжоу-11» учирилганидан сўнг икки сутка давомида космонавтлар қурилмани Ердан 393 км баландликда «Тяньгун-2» лабораторияси модулига бириктириш бўйича миссияни бажаради, у ерда экипаж 30 кунни ўтказади. Бу ХХР учувчили космик парвозлар дастури учун рекорд кўрсаткичга айланади. Космонавтларга орбитада қатор экспериментларни ўтказиш вазифаси қўйилган.

2017 йилнинг апрелида Хитой лабараторияга ўзининг илк юк кемаси «Тяньчжоу-1»ни жўнатади, у бу ерга ёнилғи ва бошқа керакли нарсаларни етказиб беради.

Хитойнинг биринчи космик қурилмаси «Тяньгун-1» 2011 йилнинг сентябрида ишга туширилган. 2016 йилнинг март ойи охирларида «Тяньгун-1» ўз вазифаларини бажаришни тўлиқ тўхтатди. У 1630 кун орбитада бўлди. Модуль режадагидан икки ярим йил кўп хизмат қилди. «Тяньгун-1» 2017 йилнинг иккинчи ярмида Ер атмосферасига тушиши кутилмоқда, ҳозирда у белгиланган орбитада қолмоқда. 

Сентябрь ойида Хитойнинг «Тяньгун-2» космик лабараторияси орбитада синов ўтказишни бошлаганди.