АҚШнинг Чикаго шаҳридаги О'Хара аэропортида учиш-қўниш йўлакчасида Boeing-767 самолёти ёниб кетди. Chicago Tribune нашри хабар беришича, воқеа жойига ўт ўчириш бригадалари етиб келган.  

Самолётда 171 киши, жумладан 161 йўловчи бўлган. Дастлаб воқеа оқибатида 7 йўловчи ва бир борткузатувчи кичик жароҳатлар олгани, улар яқин орадаги шифохонага етказилганлари маълум қилинган. Бироқ кейинроқ жарбланганлар 20 га яқинни ташкил қилаётгани айтилган. 

"Кўпчилик йўловчилар самолётдан фалокат траплари орқали тушаётганларида жароҳат олганлар. Биз 20 га яқин кишини бир нечта шифохоналарга жўнатдик", деб айтди Чикаго ўт ўчириш хизмати вакили Хуан Эрнаднес.

Қолган йўловчилар ўз манзилларига 29 октябрда бошқа самолётларда етказиладилар.

Самолёт American Express авиакомпаниясига тегишли бўлиб, Чикаго-Майами рейси билан учиши керак бўлган. 

AP ахборот агентлигининг маълум қилишича, фалокатга двигателдаги жиддий носозлик олиб келган бўлиши мумкин. Носозлик шунчалик жиддий бўлганки, унинг қисмлари ташқарига сочила бошлаган.  

CNN маълумотига кўра, шу самолёт аввалроқ Лондондан уч соатлик кечикиш билан келган бўлган.