АҚШ президентлигига сайловнинг ўзига хос жиҳатлари

Жаҳон 31 Октябрь 2016 5580

“Океанорти мамлакати”да президентлик сайловларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда - 4 га қолдиқсиз бўлинувчи йилларнинг ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанбасида ўтказилади. Кўпчилик, демак ноябрнинг биринчи сешанбасида экан-да, дейиши мумкин. Аммо бундай эмас. Мабода 1 ноябрь сешанбага тўғри келиб қолса, у ҳолда сайловлар 8 ноябрда ўтказилади.

АҚШ Конституциясига кўра, президент камида 35 ёшли Америка фуқароси бўлиши лозим. Президентликка номзодлар ҳар тўрт йилда бир маратоба ўтказилувчи президент сайловларидан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади. Бунинг учун сайловда иштирок этувчи партиялар ичида оралиқ сайловлар, яъни праймериз ўтказилади. Айни шу праймериз якунларига кўра партияларнинг ягона номзоди аниқланади. Праймериз инглизча сўз бўлиб, “бошланғич, дастабки сайловлар” деган маънони англатади. Кўпчилик “оралиқ сайловлар” ҳам деб атайди. Бу нотўғри қилинган таржимадир. АҚШда Оралиқ сайловлар бўшаб қолган ўринларни тўлғазиш мақсадида фақат Конгрессда ўтказилади.

Праймериз тадбири жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида ўтказилишига қарамай, нима учундир кўпроқ АҚШга хос жараён сифатида кўрилади. Бу мамлакатда ҳар тўрт йилда ўтказиладиган президентлик сайловлари ўтадиган йилнинг январь-июнь ойларида партиялар праймериз ўтказади. Унда сиёсий партиялардан президентликка ягона номзод танлаб олинади. Кўп ҳолларда жарённинг ўрталарида ягона номзоднинг ким бўлиши аниқланади. Мободо шу давр ичида ягона номзод аниқланмайдиган тақдирда, уни ҳал қилинишини партия олий анжуманигача кутишга тўғри келади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда праймериздан асосий мақсад бир партиядан кўрсатилган номзодлар овозларни бир-бирларидан тортиб олмаслик учун штатларда дастабки сайловлар ўтказилади. Партиялардан кўрсатиладиган номзодлар праймериз давомида 1144 делегатнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш керак-ки, праймеризда мағлубиятга учраган номзодлар кўп ҳолларда мустақил номзод сифатида президентлик сайловларида иштирок этишади.

Эслатиб ўтиш керак-ки, АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида фақат икки номзод - демократик ва республикачилардан вакиллар қатнашади деган тассаввур мутлақо нотўғридир. Аслида президентлик сайловларига расман ўнлаб номзодлар қўйилади. Бироқ ёзилмаган қоидаларга кўра, нима учундир 2 та партия вакилларига кўпроқ эътибор қаратилади.

АҚШда илк бор праймериз 1842 йилда ўтказилган. 1903 йилда эса илк бор Висконсин штатида “Мажбурий праймериз ўтказиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 1927 йилга келиб эса, барча штатларда бу каби қонунлар қабул қилиниб, кучга кирди. Шу тариқа праймериз партиявий номзодларни танлаб олишда асосий жараён сифатида тан олинди. Унга қадар номзодлар партия анжуманларида, кўп ҳолларда музокаралар самараси ўлароқ танлаб олинарди. Кейинчалик “маҳаллий партия раҳбарининг таъсирини сусайтириш мақсадида праймеризлар ўтказилиши керак”, деган фикрга келинди. Айни дамда АҚШнинг 11та штатида праймериз эмас, балки партия конференциялари ёки партиявий референдумлар(кокуслар) ўтказилади. Праймериз тўғридан тўғри ва яширин овоз бериш асосида ўтказилади. Яширин овоз беришда партиянинг рўйхатга олинган аъзоларигина қатнашади. Очиқ овоз беришда эса партиявий қарашидан қатъи назар барча хоҳловчилар иштирок этади. Мабодо, бир партиянинг праймеризида бошқа партия тарафдори иштирок этгудек бўлса, партиянинг умуммиллий анжумани мазкур штатдаги овоз бериш натижаларини тан олмаслиги мумкин. Овоз бериш жараёнини ҳар бир штатнинг ўзи белгилайди. 80-йиллардан бошлаб февраль ойининг биринчи сешанбасида бир нечта штатда ўтказиладиган “суперсешанба” феномени юзага келди.

1951 йилда тасдиқланган 22-қўшимчага мувофиқ, АҚШда президент лавозими 2 муддат билан чегараланган. Вице-президент президент билан биргаликда хизмат қилади. Вице-президент ворислик ҳуқуқига эга бўлишдан ташқари Сенат раиси ҳамдир. Ҳам президент, ҳам вице-президент ўз лавозимларидан кетиш ҳолларида, президентликни Вакиллар Палатасининг раиси (спикери) ўз зиммасига олади. Кейинги навбатда, Сенатга вақтинчалик раислик қилувчи(вице-президент йўқ бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилишга Сенат томонидан сайланувчи сенатор) ва сўнгра, муайян тартибда, Вазирлар махкамаси арбоблари тайинланади.
Америка тизими президент сайлашнинг фақат ўзига хос усулига эгадир. Номзодларнинг исм-шарифлари сайлаш варақаларида белгиланган бўлишига қарамай, техник жиҳатдан сайловчилар президент (ёки вице-президент) учун тўғридан тўғри овоз бермайдилар. Ҳар бир штат аҳолиси ўша штатнинг Конгрессда бўлган сенатор ва вакиллар сонига тенг “Президент сайловчилари”ни саралайди. Ҳар бир штатнинг энг кўп овоз олган номзоди мазкур штатнинг барча “сайлов овоз”ларини ўз ҳисобига ўтказишга эришади.

Барча 50та штат ва Колумбия округининг сайловчилари - жами 538 шахс - Сайловчилар Коллегияси сифатида маълум бўлган Ҳайъатни ташкил қилади. Конституцияга кўра, Коллегия ҳеч қачон бир ташкилот тариқасида бир жойда тўпланмайди. Балки мазкур сайловчилар штат пойтахтларида сайловдан кўп ўтмай йиғилишади ва ўз штатларида аҳолининг кўпчилик овозига эришган номзодга овоз берадилар. Муваффақият қозониш учун, президентликка номзод иложи бўлган 538 овоздан 270 овоз тўплаши шарт.

Президентликнинг 4 йиллик муддати ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, 20 январда бошланади. Анъанага биноан, президентнинг расмий фаолияти Капитолий биносида жойлашган Конгресснинг зиналарида ўтказилувчи инауграция (лавозимига қасамёд қилиш) маросимидан бошланади. Олий Суднинг Бош судьяси бошчилигида янги президент ошкора равишда ўз мансабига қасамёд қилади. Қасамёд маросимидан сўнг, инауграция мурожжатномаси эълон қилиниб, янги президент ўзининг сиёсий йўналиши ва режалари асосларини баён этади.

Сўнги сўз ўрнида АҚШ Президентининг мансаби жаҳондаги энг қудратли мансаблардан бири экани эслатиб ўтамиз. Президент, АҚШ Конституциясида белгиланганидек, “Қонунлар ҳалол ижро этилиши тўғрисида жон куйдириши” лозим. Мазкур маъсулиятни адо этиш учун президент федерал ҳукуматнинг ижроия тармоғини- тахминан 4 миллион кишилик улкан ташкилотни бошқаради. Шулардан бир миллиони ҳарбийлардир. Қўшимча равишда президент муҳим қонун чиқариш ва суд ҳуқуқларига ҳам эгадир.

Шарофиддин Тўлаганов

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 47677 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 64248 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34870 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19874 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 75591 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 60414 Жамият
Франция Трампнинг Афғонистон бўйича қарорини қўллаб-қувватлади
18:56 14 Жаҳон
Ўзбекистонда ўзиучар қурилмалардан фойдаланиш корхонаси ташкил этилади
Ҳамза Жумаев телевидениега қайтди
18:38 2332 Жамият
АҚШ миллий разведкаси собиқ раҳбари: Трампнинг Финиксдаги чиқиши кишини қўрқитмоқда
18:33 789 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар