Сайёрамизда истиқомат қилаётган аҳоли сони 1994 йилда 5 миллиард 700 миллион кишини ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб 7 миллиарддан ошиб кетди. БМТнинг аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича Комиссияси эълон қилган ҳисоботларга қараганда, яқин 10 йил мобайнида Африка аҳолиси сони маълум даражада ошади. 2050 йилга бориб, Африка аҳолиси Лотин Америкаси аҳолиси сонидан олти баробар ошиб кетади. Бироқ 40та мамлакатда 2014 - 2050 йилларда аҳоли сони кескин қисқаради. Бу мамлакатлар рўйхатига Германия, Хитой, Польша, Россия, Руминия, Сербия, Таиланд, Япония, шунингдек, Шарқий, Жанубий-шарқий ва Ғарбий Осиё мамлакатларини киритиш мумкин. 2025 йилда ер шари аҳолиси 8 миллиард 100 миллион кишига етади. 2050 йилда эса сайёрамиз аҳолиси 9 миллиард 600 миллион кишини ташкил қилади. Мутахассисларнинг фикрича, 1994 - 2014 йилларда 60 ёшдан ошган инсонлар сони ошган. Қариялар сони беш ёшгача бўлган болалар сонидан анча кўпайди. 2050 йилга бориб, қариялар сони ер юзи аҳолисининг 21 фоизини ташкил қилади. Яқин 35 йил давомида ёшлар сони деярли ўзгармай қолади.

Россиялик мутахассисларнинг сўзларига қараганда, мамлакатга “Осмон ости мамлакати”дан меҳнат муҳожирларининг оқими шу даражада давом этадиган бўлса, у ҳолда 2050 йилга бориб Россияда хитой миллатига мансуб аҳоли руслардан кейин иккинчи ўринга чиқиб олади. Бу ҳақда Ставрополдаги Шимолий Кавказ федерал университетида бўлиб ўтган “Миграция жараёнлари” деб номланган халқаро конференцияда чиқиш қилган Россия Фанлар Академияси Халқ хўжалигини прогнозлаш Институти миграция тадқиқотлари маркази илмий директори Жанна Зайончковская маълум қилди. Унинг айтишича, Хитойда ишсизлар Россия аҳолисидан ҳам кўп экан.

Россия аҳолисининг табиий ўсиши шу йилнинг январь-август ойларида 8,2 минг кишини ташкил қилди. Бу ҳақда Меҳнат вазири Максим Тополин баёнот берди. Унинг айтишича, 8 ой мобайнида 1 миллион 280 минг чақалоқ туғилди. Чақалоқларнинг туғилиши 28 минтақада кўпайган. Мордовия, Сахалин, Москва вилоятларида, Санкт-Петербург, Москва ва Севастополь шаҳарларида чақалоқлар туғилиши ўртача 4 фоизга кўпайган. Шу йилнинг август ойида 181 минг 700 чақалоқ туғилган. Бу ўтган йилнинг август ойига нисбатан 13 минг 100 нафарга, ёки 7,8 фоизга кўпдир. Шу билан бирга январь-август ойида 1 миллион 270 минг киши вафот этди. Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 21 минг 800тага, ёки 1,7 фоиз камдир. Вафот этганлар сони 73 та минтақада кузатилган. Россияда доимий яшовчи аҳоли сони 1 сентябр холатига кўра, 146 миллион 700 минг кишини ташкил қилди. 

Россияда яқин йиллар ичида туғилиш коэффициенти хозирги 1,77 дан 1,9 гача кўпайиши башорат қилинмоқда. Маълумки, бу каби кўрсаткич Франциядан ташқари, Европадаги барча мамлакатларда анча пастдир. Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазири Максим Топилин мамлакатда туғилишни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Бунинг учун 30 ёшгача иккита фарзандни дунёга келтирган ёш оналарни рағбатлантириш керак бўлади. Вазирнинг айтишича, бу борада оналар капитали ўз самарасини берган. Шуни таъкидлаб ўтиш керак-ки, яқинда ҳукуматнинг қонун чиқариш Комиссияси 2020 йилга қадар оналар капиталини индекциялашни тўхтатишга қарор қилди. Оналар (Оила) капитали бу оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар бўлиб, 2007 йилдан 2018 йилга қадар туғиладиган ёки асраб олинадиган иккинчи фарзандга бериладиган маблағдир.

Россия ҳукумати 2020 йилга қадар мамлакат аҳолиси сонини ҳозиргига нисбатан бир миллион нафарга кўпайтириш ва ўртача ҳаёт кечиришни 74 ёшга етказиш борасида чора-тадбирлар режасини қабул қилди. Бу борада 2016-2020 йилларга мўлжалланган демографик сиёсат тасдиқланди. Дастурга кўра, 2020 йилга бориб, Россия аҳолиси 147 ярим миллионга етиши керак. 

 Шарофиддин Тўлаганов