Англиянинг «Манчестер Сити» футбол клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола «шаҳарликлар» мураббийларидан бири Микел Артета ва ҳужумчи Лионел Месси ўртасида даҳанаки жанг бўлгани ҳақидаги хабарга ўз фикрини билдирди. Воқеа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 4-тур «Барселона»га қарши ўйини танаффусида содир бўлган.

«Мен Артета билан гаплашдим. Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки, у «Барселона» ва Мессини ҳам ёқтиради. Мен Микелни яхши биламан, у мен учратган инсонлар орасида энг яхшиларидан бири. Микелнинг яна бир ажойиб инсон – Лионел Месси билан тортишиб қолиши мумкин эмас. 

Дастлаб Фернандиньо эди, энди Артета. Кутайликчи, эртага кимни айтишаркан. Кўрамиз, унинг кимлигини топа олишармикан», – дея Гвардиола сўзларидан иқтибос келтиради Goal нашри.

Аввал хабар берилганидек, Месси «Этиҳад — Сити оф Манчестер» стадиони кийиниш хонасида Микел Артета билан тортишиб қолган. The Independent нашрининг УЕФА матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, Мессига чора кўрилмайди, чунки бу воқеа ўйин ҳакамининг ҳисоботига киритилмаган.